“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-943-сонли Қонун ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024-йил 20-февралда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024-йил 30-мартда маъқулланган
Бизга маълумки, кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон — янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Шунингдек бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали протсессуал кодексларга фуқаролар учун кулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Мазкур конституциявий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлаш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни ва зиддиятларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 28-июлда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги ЎРҚ-703-сонли Қонунига “судяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради” деган норма киритилди. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 12-апрелда қабул қилинган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги ЎРҚ-763-сонли Қонуни “Суднинг ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган, апеллятсия тартибида кўрилмаган ажрими устидан кассатсия шикояти ажрим қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида берилади ва у судга келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқилиши лозим” деган мазмундаги норма билан тўлдирилди.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиаси в.в.б Ш.Ғозиев