КОНСТИТУЦИЯ - МАМЛАКАТИМИЗДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ДЕМОКРАТИК ЯНГИЛАНИШЛАР ПОЙДЕВОРИ.
Мустақил Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилиниши айни миллий қадриятларимизни, адолатли фуқаролик жамияти, демократик ҳуқуқий давлат қуриш, бозор муносабатларига ўтиш йўлларини белгилаб берди.
Ўзбекистон Конституцияси ҳуқуқий тизимимизнинг таянч пойдеворидир. Унинг барча қонунларимиз учун асос сифатида хизмат қилиши барчамизга маълум. Шу кунга қадар қабул қилинган қонунлар, қонуности ҳужжатлари Конституциямиз илғор қоидаларининг ифодасидир.
Конституциянинг муқаддимасида Ўзбекистон халқи: инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанавор эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масулиятни англаган ҳолда тарихий, миллий қадриятларимизга таяниб, шунингдек халқаро ҳуқуқ соҳасидаги умумеътироф этилган принциплар асосида инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш мақсадида ушбу Конституцияни қабул қилганлиги эътироф этилган. Дарҳақиқат, мустақиллик туфайли вужудга келган Қомусимиз бизга тилимизни, динимизни, тарихимизни, маънавиятимизни, инсоний ҳуқуқларимизни қайтариб берди ва уларни ўзининг ҳаётбахш нормаларида мустаҳкамлаб қўйди. Шу билан бирга у сиёсий қадриятларимизни-давлат ҳокимиятини бошқаришдаги халқнинг иштирокини таъминлаб берди.
Конституциянинг иккинчи боби халқ ҳокимиятчилигига доир муносабатлрни тартибга солувчи нормаларни ўз ичига олади. Бинобарин, 7-модада "Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан -бир манбаидир", дейилади. Яъни, давлат ҳокимиятининг чинакам эгаси-Ўзбекистон халқи. Ўзбекистонда давлат ҳокимияти халқ манфаатини кўзлаб ва Конституциямиз ҳамда қонунларимиз ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади. Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Олий Мажлис ва Президенти иш олиб бориши мумкин.
Конституциянинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканликлари қонуний равишда белгилаб қўйилди. Ушбу нормага кўра фуқаролар ўз сиёсий фаолликларини сайловлар ва референдумларда овоз бериб, шунингдек давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан давлат ҳокимияти ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этадилар.
Фуқароларимизнинг Конституциянинг 35-моддасида белгилаб қўйилган ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида мурожаатларни оммавий учрашувлар орқали қабул қилиш жараёни кенг миқёсда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда фуқароларимиз мансабдорлар олдига эмас, балки мансабдор шахсларнинг ўзлари халқимиз олдига бориб, маҳаллаларда, улар истиқомат қилаётган ҳудудларда вужудга келган муаммоларни эчимини топиб, уларни ижобий ҳал қилиб беришмоқда. "Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак" деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий шиорга айланмоқда.
Асосий Қонунимизнинг 36 моддасидаги "Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли" ёки 53-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган " Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир" деган нормалари ҳаётга тадбиқ этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ўз фаолиятини амалга оширилмоқда.
Қомусимизнинг учинчи бобида Конституция ва қонуннинг устунлиги ҳақидаги норма ўз ифодасини топган. Бу эса, мамалакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш: қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасидаги устувор йўналишларининг қонуний ифодасидир.
Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Бу қоидага кўра қонун олдида барча баробар. Мамлакат қонунларига ёшидан, мансабидан қатъи назар -барча фуқаро бўйсунмоғи шарт. Жамиятда бунга эриши учун давлат идоралари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар ўз иш фаолиятларида Конституция ва қонунларга амал қиладилар. Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг эътироф этилган умумий мақомлари устунлигини тан олади. Бирорта қонун ҳам, меъёрий ҳуқуқий ҳужжат ҳам Конституция ва қонунларга зид бўлмаслиги керак.
Маълумки, ҳуқуқий демократик давлатнинг энг муҳим шартларидан бири шахс манфаатларининг муҳофаза қилинишидир. Бошқача қилиб айтганда, давлат давлатлигини кўрсатмоқчи бўлса, фуқароларини ўз муҳофазасига олиши зарур. Бинобарин, Бош қомусимизда ҳам инсон, унинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият сифатида улуғланади.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судяси : Т.Усмонов
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судя ёрдамчиси : И.Поёнов