Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

Сўнгги йилларда республикада туризм ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, инфратузилмани яхшилаш, туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш орқали туристлар саёҳати учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маданий меросни муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, яратилган имкониятларга қарамасдан туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларини ривожлантириш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган, рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик, шу жумладан хусусий секторнинг ушбу йўналишлардаги ролини ошириш бўйича ўз ечимини топмаган масалалар мавжуд.

Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, илғор хорижий тажрибага таяниб ушбу йўналишларда инфратузилмани жадал ривожлантириш, объектлардан самарали фойдаланиш, аҳолига етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги;

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари негизида Туризм ва спорт вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ташкил этилсин.

Туризм ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши белгилансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Туризм ва спорт вазирлиги туризм, жисмоний тарбия, спорт ва маданий мерос соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Туризм ва спорт вазирлиги ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли;

давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари Туризм ва спорт вазирлигининг мурожаатига кўра тегишли маълумотларни ўрнатилган тартибда тақдим этади;

туризм, жисмоний тарбия, спорт ва маданий мерос масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Туризм ва спорт вазирлиги билан келишилади.

3. Туризм ва спорт вазирлигининг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

а) туризм соҳасида:

туризм объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда мазкур соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;

мамлакатнинг туризм салоҳиятини тубдан оширишга, туризм соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишига йўналтирилган туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепциясини шакллантириш ва амалга ошириш;

туризм хизматларининг ташқи ва ички бозорларида маркетинг тадқиқотлари олиб боришга, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб қилишга, мамлакатимизнинг туризм қиёфасини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларининг халқаро туризм бозорларига кириб боришига йўналтирилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш;

ички, кириш ва чиқиш туризмини комплекс ривожлантиришнинг миллий ва ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, халқаро стандартларга мувофиқ бўлган туризм инфратузилмасини ривожлантиришга инвестицияларни, шунингдек, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини жалб этиш;

туризм турларини диверсификациялаш, энг аввало, зиёрат туризми, экологик туризм, этнотуризм, ишбилармонлик туризми, спорт, гастрономик, тиббий, таълим ва илмий туризмни ҳамда уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

туризм соҳасида хизматларни лицензиялаш ва сертификатлаштириш ҳамда туризм хизматларининг белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқлиги бўйича инспекция назоратини амалга ошириш;

туризм хизматларини ташкил этишда туристларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлашга йўналтирилган туризм хизматларини кўрсатиш сифати ва хавфсизлиги стандартларини ишлаб чиқиш;

туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллиги ошишига ҳар томонлама кўмаклашиш, ушбу соҳага илғор ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш;

туризм объектларини жойлаштириш учун салоҳиятли ҳудудларда режалаштириш ва лойиҳалаштириш ишларини ташкил этиш, уларга инвесторларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;

туризм фаолияти соҳасида туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар ҳамда туризм соҳасида фаолиятни амалга оширувчи хорижий ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ҳамда нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этиш;

туризм соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни юқори даражада ташкил этиш, тармоқ туризм фанларини ривожлантиришга кўмаклашиш;

б) жисмоний тарбия ва спорт соҳасида:

спорт объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда мазкур соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;

аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, жисмонан соғлом ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантириш, олий спорт маҳорати соҳасида мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонида муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган ягона сиёсатни амалга ошириш;

вазирликлар ва идораларнинг жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари ҳамда клубларининг, спорт федерацияларининг (ассоциациялари) фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, республика мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим ҳамда олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчилари, инструктор ва тренерлари фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарликни амалга ошириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш, оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш борасида кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш;

болаларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш, болалар спорт таълими сифатини ошириш, барча ҳудудларда, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудларда спорт объектлари тармоғини янада кенгайтириш орқали болалар спортини янада ривожлантириш;

Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун истиқболли спортчиларни саралаш (селекция қилиш)тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг, улар орасидан мамлакат терма жамоалари сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ҳамкорлик қилиш;

республикадаги барча вазирлик ва идоралар (жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар) учун спорт нормативларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича ягона сиёсатни олиб бориш;

мамлакатимизда оммавий ва профессионал спортни, шу жумладан, спорт ўйинлари, экстремал ва қишки спорт турларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, барча спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақалар ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган препаратлар ишлатилишига қарши тизимли чоралар кўришни таъминлаш;

оммавий ва профессионал спорт йўналишлари бўйича моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, улардан максимал даражада ва самарали фойдаланишни таъминлаш, спорт асбоб-ускуналари ҳамда инвентарларининг мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ва кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлашда қатнашиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ҳамда спорт ташкилотларини, таълим ва спорт-таълим муассасаларини юқори малакали тренерлар ва бошқа спорт мутахассислари билан таъминлаш;

халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро ва давлатлараро алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш борасидаги ишларни ташкил қилиш, оммабоп спорт дастурларини ташкил этиш;

в) моддий маданий мерос соҳасида:

маданий мерос объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда мазкур соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;

давлат назоратини амалга ошириш ҳамда моддий маданий мерос объектларининг, шу жумладан музей ашёлари ва коллекцияларининг давлат ҳисобини юритиш, уларни муҳофаза қилиш, илмий тадқиқ этиш ва оммалаштириш, шунингдек, улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, хусусан, Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция талаблари ҳамда ЮНЕСКО ва бошқа тегишли халқаро ташкилотлар тавсияларини самарали бажариш, халқаро ва хорижий ташкилотлар, олимлар, экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик қилиш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва тарихий маҳаллаларнинг тарихий-маданий қиммати, ноёблиги, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолиш;

чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базасини яратиш ва уни мунтазам янгилаб боришни ташкил қилиш.

4. Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш Туризм, спорт, маданий мерос, транспорт логистикаси ва хизматлар соҳаларида давлат-хусусий шериклик ҳамда рақамлаштиришни ривожлантириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда – Кенгаш) этиб қайта ташкил қилинсин ҳамда унинг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Кенгаш туризм, спорт ва маданий мерос объектларининг давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқарилишини ҳамда мазкур соҳаларга замонавий ахборот технологиялари жорий этилишини мувофиқлаштиради.

5. Вазирлар Маҳкамаси:

а) уч ой муддатда:

маданий мерос объектларининг ўзига хос хусусиятини инобатга олиб, уларга ҳар қандай салбий таъсирларни олдини олиш, узлуксиз равишда давлат ва илмий-техник назорат олиб боришни назарда тутган ҳолда соҳада давлат-хусусий шерикликни жорий этиш тартибини;

туризм, спорт ва маданий мерос объектлари, шу жумладан уларнинг ер участкалари, бинолари ёки қисмлари ва хоналарини давлат-хусусий шериклик асосида бериш юзасидан хатловдан ўтказилишини ҳамда унинг натижаларидан келиб чиқиб, ушбу объектларнинг рўйхати (кейинги ўринларда – рўйхат) тасдиқланишини таъминласин;

б) рўйхатга киритилган ҳар бир объект бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси ва унинг концепцияси, битимлари ҳамда тендер ҳужжатларини тайёрласин.

Кенгашга рўйхатга киритилган умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузиш юзасидан рухсат бериш ҳуқуқи берилсин.

6. Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида:

Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозими тугатилсин;

Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири лавозими киритилсин;

Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти этиб қайта номлансин ва унинг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 15 нафар этиб белгилансин. Бунда, қўшимча ажратилаётган 3 та штат бирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг қисқартирилаётган ходимлари сони ҳисобига шакллантирилади;

Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти Таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти этиб қайта номлансин ва унинг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 18 нафар этиб белгилансин;

Давлат тилини ривожлантириш департаменти Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти этиб қайта номлансин ва унинг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 7 нафар этиб белгилансин;

10 та штат бирлигидан иборат Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ташкил этилсин.

Белгилансинки, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси штат бирликлари Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг 10 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

7. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази негизида Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилсин.

Маданият вазирлигининг ҳудудий маданият бошқармалари тузилмаларидаги моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўлимлари тугатилсин ва уларнинг штат бирликлари тегишлилигича Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилсин.

8. Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналар ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва “Мозийдан садо” журнали мавжуд штат бирликлари ва моддий-техника базаси билан тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Маданий мерос агентлигига ўтказилсин.

9. Белгилаб қўйилсинки:

Маданий мерос агентлиги Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

2021 йилда ва келгуси йилларда Маданият вазирлигига Давлат бюджетидан маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар харажатлари учун ажратиладиган маблағлар Туризм ва спорт вазирлигига ажратилади;

Давлат бюджети маблағлари ҳисобига моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларни амалга ошириш бўйича Маданий мерос агентлиги буюртмачи ҳисобланади.

10. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти, Таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти, Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ҳамда Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекциясининг тузилмалари, янгиланган штат жадваллари ҳамда котибият ва инспекция тўғрисидаги низомларни тасдиқласин;

Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири ҳамда Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг функционал вазифаларини тасдиқласин;

Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибиятини замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, қўйилган вазифалар самарали бажарилишини юксак профессионал даражада таъминлашга қодир бўлган малакали мутахассислар билан тўлдирсин;

Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

11. Туризм ва спорт вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Кадастр агентлиги, Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2021 йил якунига қадар:

Туризм ва спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, Маданий мерос жамғармаси, маданий мерос соҳасига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан махсус электрон портални яратсин, ушбу порталга барча спорт ва маданий мерос объектлари ҳақидаги маълумотларнинг (шу жумладан паспорти, давлат кадастри) жойлаштирилишини ва уни давлат электрон хизматлари билан интеграция қилинишини таъминласин;

барча моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказсин ҳамда Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари давлат реестри, электрон каталогини, паспорти ва давлат кадастрини тўлиқ шакллантирсин.

12. Транспорт вазирлигининг белгиланган штат бирликлари доирасида вазирнинг туризм соҳасида транспорт логистикасини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилсин.

13. Белгилансинки, транспорт вазирининг туризм соҳасида транспорт логистикасини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси:

Кенгашнинг тақдимномасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади;

ўз фаолияти даврида амалга оширган ишлари юзасидан ҳар ойда Кенгашга ҳисобот бериб боради.

14. Белгилаб қўйилсинки:

моддий маданий мерос объектининг ўзгартирилиши мумкин бўлмаган ўзига хос хусусиятларини ва унинг тарихий муҳитини сақлаб қолиш мақсадида унга туташ ҳудуддаги муҳофаза теграларида капитал қурилиш ишларини ҳамда уларга зарар етказиш билан боғлиқ фаолиятни;

рухсатнома олмасдан туриб моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини консервациялаш, реставрация қилиш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларини амалга ошириш тақиқланади.

15. Туризм ва спорт вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлиги, Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

а) икки ой муддатда молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда маданий мерос объектларини уларнинг муҳофаза тегралари бўйлаб ўраб олиш (тўсиб қўйиш) ва ҳимоя қилиш ҳамда қўриқлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича таклиф ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) уч ой муддатда Бош прокуратура билан биргаликда маданий мерос объектларининг қўриқланадиган теграларида ноқонуний қурилган қурилмалар ва бино-иншоотларни бартараф этиш, уларнинг ер майдонларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгиласин;

в) 2022 йил 1 январга қадар:

тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган кўчмас мулк объектларини ҳар бирининг жойига борган ҳолда аниқлаш, янги объект бўйича тарихий-маданий экспертиза ўтказиш ва уларни давлат муҳофазасига олишни таъминласин;

моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган теграларини, шу жумладан муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари, қўриқланадиган табиий ландшафт теграларини белгиласин;

халқаро экспертларни жалб этган ҳолда маданий мерос, шу жумладан археология мероси объектлари, маданий бойликларни олиб кириш ва олиб чиқиш, номоддий мерос соҳасига оид қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалар нормаларини умумлаштириб, тўғридан-тўғри амал қилувчи ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

16. Бош прокуратура ташкилий-штат тузилмасида 3 та штат бирлигидан иборат бўлган маданий мерос соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан, шу жумладан, маданий меросни муҳофаза қилиш, асрашга доир ишлар ва улардан фойдаланишнинг оқилона ташкил этилишини назорат қилиш бўйича тегишли бўлим ташкил этилсин.

Бунда, 3 та штат бирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари сонини қисқартириш ҳисобига ажратилади.

17. Туризм ва спорт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Жисмоний тарбия ва спорт университетига қабул қилиш талабларини қайта кўриб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

18. Вазирликлар ва идоралар ҳудудларда ишбилармонлик туризмини (MICE-туризм) янада ривожлантириш мақсадида 2021-2022 йилларда ўтказилиши режалаштирилган спорт, маданият, илм-маърифат, иқтисодиёт, инвестиция ҳамда бошқа йўналишлардаги йирик халқаро тадбирларни Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этиш чораларини кўрсин.

19. Туризм ва спорт вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритсин.

20. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июль ва 2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш.МИРЗИЁЕВ