Техник таъмирлаш ва такомиллаштириш ишлари олиб борилаётганлиги муносабати билан сайт вақтинча тест режимида ишламоқда!
     
Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
Қмқўрғон туман ҳокимининг тадбиркорларга мурожаати

Қумқўрғон туманида тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қулайликлар яратиш мақсадида мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тадбиркорлар ва ишбилармонларга туман ҳокимининг

МУРОЖААТИ

Ҳурматли тумандошлар, қадрли тадбиркорлар!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2019 йил 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пировардида янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетга тушумлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобига халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, шунингдек аҳолининг муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Бугунги кунда юртимизда бўлаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар замирида ҳудудларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий инвесторларга қулай шароитлар яратиш, шу асосда туманимиз аҳолисини иш билан таъминлаш ҳамда уларнинг хаёт даражасини яхшилаш биринчи галдаги вазифамиз бўлиб турганлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Шунингдек, муҳтарам Юртбошимиз “Иккита иш жойи яратган одамни елкамда кўтараман! Агар тадбиркорга шароит яратмасак натижа бўлмайди“ деган устувор ғояни илгари сурдилар.

Бундан ташқари, “ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни ҳал этишга сарфлаши лозимлиги” таъкидлаб ўтилди.

Тадбиркорлик - бу энг аввало ҳудудни ҳар томонлама ривожланишининг асосий иқтисодий воситаси ва тараққиёт кафолати ҳисобланади.

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар, муҳтарам Юртбошимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганликлари бежизга эмас. Сабаби мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, ривожланган давлатлар сафидан жой олишида кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни ва роли ўта муҳимлигини барчамиз виждонан ҳис қилишимиз лозим.

Ҳеч кимга сир эмаски муҳтарам Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлаш борасида қатор Фармон ва қарорлар қабул қилиндики, бу Фармон ва қарорлар билан тадбиркорликни ривожлантиришда учраётган кўплаб бюрократик тўсиқлар олиб ташланди, тадбиркорларга қулай шароит яратиш учун рухсатномалар бериш, имтиёзли кредитлар бериш, қолаверса энди тадбиркорлик қиламан деган юртдошларимизга молиявий кўмак берилмоқда.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланиши, кундалик фаолиятида учраётган муаммоларни Ҳукумат даражасида ҳал этилиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхоналари ташкил этилганлиги ҳам бунинг яққол исботидир.

Қабулхоналар ташкил этилгандан кейинги давр мобайнида улар томонидан туман бўйича 119 нафар тадбиркорнинг 103 та муаммоли масалалари ижобий ҳал этиб берилди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Оддий қилиб айтганда бугун ҳар бир тадбиркор давлат ҳимоясида эканлигини англаб етмоқда.

Ҳозирги кунда тадбиркорлар, ўрта ва кичик бизнес субъектлари жаҳон мамлакатларида иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ривожланган давлатларда тадбиркорлик субъектлари умумий корхоналар сонининг 90 фоиздан зиёдини ташкил этади ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг 50 фоиздан ортиғини иш билан таъминлайди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида куни кеча, яъни 13 ноябрь куни чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш учун ҳафтанинг ҳар жумаси «Чорвачилик куни» деб эълон қилинди.

Қорамолларнинг 94 фоизи, қўй ва эчкиларнинг 84 фоизи, парранданинг 58 фоизи аҳоли хонадонларида боқилади. Айни пайтда, мавжуд қорамолларнинг бор-йўғи 34 фоизи зотлидир.

Ундан ташқари йиғилишда, Қорақалпоғистон тажрибаси асосида чорва кооперацияларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Яъни, имкониятдан келиб чиқиб, 30 дан 100 бошгача қорамолдан иборат оилавий чорва фермалари ташкил қилиниши белгиланди. Кооперация ушбу тузилмаларни озуқа-ем, ветеринария хизматлари ва агротехника билан таъминлайди.

«Мазкур тажрибанинг афзаллиги шундаки, оилавий фермалар қаердан ем ва техника олиш, маҳсулотни кимга ўтказиш ҳақида бош қотирмайди. Бу ишлар билан кооперация шуғулланади».

Шунингдек, Тошкент вилояти тажрибаси асосида ғаллачилик кластерлари ташкил этиш орқали 2-5 минг бош қорамолдан иборат йирик фермалар фаолиятини йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилди.

Бунда, кенгайиш истагини билдирган ва камида 500 бош қорамоли мавжуд фермерларга ҳар 1 минг бош учун 300-400 гектардан ер бериш орқали ғаллачилик кластерлари ташкил этилади.

Ушбу тизим шуниси билан жозибадорки, йирик кластерлар буғдойни қайта ишлаш орқали омухта ем ишлаб чиқариш ҳамда ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин сифатида озуқабоп экинларни етиштириб, ўзи силос ишлаб чиқариш имконига эга бўлади. 

Қатор идора ва ташкилотларга бир ой ичида ҳар бир талабгорнинг таклифларини кўриб чиқиб, амалга ошириш чораларини белгилаш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, чорвачиликни озуқа-ем билан таъминлашда пахта кластерлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарур. Чунки бу тузилмаларда ер, кучли озуқа, ишчи кучи, техника ва молиявий имкониятлар етарли. Шунинг учун барча пахта кластерларига 5 минг бошдан кам бўлмаган йирик шохли қорамол комплекслари ташкил этиш топшириғи берилди.

Бугунги кунда туманимизда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари сони 951 тани ташкил этиб, уларда жами иш билан банд аҳолимизнинг 47 фоизи меҳнат қилмоқда.

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар!

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига туманимизда бюджет даромадлари 86 млрд.сўмни ташкил этиб, уларнинг 49 млрд.сўми ёки 57 фоизи айнан хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Маҳаллий бюджет ҳаражатларини таҳлил қиладиган бўлсак, 206 млрд.сўм ёки 87 фоиз харажатлар айнан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ соҳаларга йўналтирилмоқда.

Шу жумладан, таълим соҳасига 142 млрд.сўм, соғлиқни сақлашга
36 млрд.сўм, маданият соҳасига 763 млн.сўм маблағлар ажратилган.

Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида туман бўйича 3 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик сув объектлари, ички йўллар, ободонлаштириш ва пиёдалар йўлакларини қуриш ишларига 49 млрд.сўм маблағ сарфланди.

Бундан кўриниб турибдики, жамғарилаётган ушбу маблағлар асосан фарзандларимиз келажаги учун, ногирон, кекса ва беморлар соғлиқларини тиклаш учун йўналтирилмоқда.

Албатта, бугунги кунда туманимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларида Сиз азиз тадбиркорларимизнинг муносиб ҳиссангиз бор.

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Муҳтарам Президентимизнинг сўзлари билан айтганда, “Биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз”.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, туманда қуйидаги устувор вазифаларни белгилаб олдик:

биринчидан, туманда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини уч тоифага ажратиш, хусусан, ўзи, ҳеч қандай ёрдамсиз мустақил фаолият кўрсатаётган субъектлар, тўлиқ қувватда ишламаётган субъектлар, фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари рўйхатларини шакллантириб, ҳар бирининг муаммоли масалалари ёки ишламаслик сабабларини аниқлаш ҳамда муаммоларини ечиш юзасидан йўл харитасини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш;

иккинчидан, “Е-ижро аукцион” электрон савдо майдонига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 1.5 гектарлик 139 та ер участкаларини савдога чиқариш ва ушбу ер участкаларида савдо дўконлари, маиший хизмат шохобчалари ва ишлаб чиқариш цехлари ташкил этиш;

учинчидан, туманда мавжуд 64 та бўш турган объектларни ижарага бериш ёки сотиш орқали кичик бизнес субъектларини ташкил қилиш каби масалаларни биргаликда амалга оширамиз.

Бугунги кунда тадбиркорлар учун солиқ тизимида алоҳида имтиёз ва преференцияларнинг берилганлиги, жумладан, солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан
2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди.

Солиқ турлари орасида энг юқори ставкали солиқ ҳисобланган қўшилган қиймат солиғининг амалдаги 20 фоиз ставкаси 2019 йил
1 октябрдан бошлаб, 15 фоизга пасайтирилди.

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар, бугун кичик ва ўрта бизнес секторида ишлаётган ҳар юз ишчининг 30 нафари меҳнат қонунчилиги асосида расмийлаштирилмаганлиги, уларга конверт усулида иш ҳақи берилиши ушбу ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда.

Бошқача айтганда, келажакда улар пенсия ва бошқа нафақа олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда бугундан бошлаб, ҳар бир тадбиркор норасмий ишлаётган ишчи-хизматчиларини белгиланган тартибда расмийлаштириш, улар билан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат дафтарчалари юритиш, ўрнатилган тартиб асосида иш ҳақи бериш тизимини йўлга қўйиб, уларнинг келажак ҳаётидаги ижтимоий нафақа ва пенсия олиш заминини яратиши керак.

Туманимиз кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун барча қулайликлар ва имкониятларга эга.

Жумладан, Тожикистон ва Афғонистон Республикалари билан чегарадошлиги эса ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт қилиш имконияти юқорилигидан далолат беради.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлаш учун хом ашё базасининг етарли эканлиги, инфратузилма объектларининг, жумладан магистрал автомобил йўллари ва темир йўллари мавжудлиги билан бошқа туманлардан ажралиб туради.

Шу ўринда барчангизни муҳтарам юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга чақираман!

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар, ўз фаолиятларингизни янада кенгайтириш, қўшимча имкониятларни ишга солиб, ҳар бирингиз камида 1 ёки 2 тадан иш ўринлари ташкил этиб, банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминласангиз, туман бўйича янги иш ўринлари
852 тадан 2000 тагача ортади. Бу эса қанчадан-қанча оилаларнинг фаровонлигига ва турмуш даражасининг ортишига олиб келади. Ушбу ишларни амалга оширишда мен туман ҳокими сифатида Сиз азизларнинг биринчи даражадаги кўмакчингиз бўламан.

Бу борада эркин фаолият юритишингиз учун қонун устуворлигини таъминланишига;

туманда тадбиркорликни йўлга қўйишингизда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда ва ер майдони ажратилишида;

Сизнинг тадбиркорлик фаолиятингизга ноқонуний текширишларга барҳам берилишига, солиқ шаффофлигини таъминланишига кафолат бераман.

Сизлар учун доимо туман ҳокимлиги ва барча ташкилотларнинг эшиклари очиқ.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга қут-барака тилайман.

 

 

Рўйхатдан ўтиш
1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси