Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрь кунидаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-869-сонли қонуни мазмуни тўғрисида.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 23 майда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2023 йил 4 августда маъқулланган.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.

Шу билан бирга судларда ишнинг ҳажми кескин ортганлиги ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келиб, бу фуқароларнинг ўринли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлди.

Бундан ташқари узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабаби мазкур тизимни ўрта бўғиннинг — вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан: Тегишли суд ҳайъатларида апелляция, кассация ва тафтиш тартибида ишларни кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳукмлари устидан апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида берилган шикоятлар (протестлар) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида беш нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқилиши белгиланди. Тафтиш инстанцияларининг жорий этилди. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-Процессуал Кодексига “Ҳукмларнинг, ажримларнинг, қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари” деб номланган 55-боб билан тўлдирилди.

Ушбу Қонун судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.

 

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси    А.Холмуминов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси