Ҳар йили бутун дунё бўйлаб "Зўравонликка қарши 16 кун" номи остида кампания ўтказилади. Ушбу компания аёлларга нисбатан зўравонлик инсон ҳуқуқларига зид ҳаракат эканини ифодаловчи фикр билан рамзий боғланган икки воқеа 25 ноябр – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш кунида бошланиб, 10 декабр–Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида якунига етади. Ҳар йили Ўзбекистон Республикасида ҳам бу компания доирасида давлат, ННТлар ва Ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда жуда катта самарали ишлар амалга оширилади.
Ўзбекистонда ҳам кейинги вақтларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, уларга янги иш ўринларини яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда ушбу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу муносабат билан оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида турли ҳил зўравонликка дуч келган хотин-қизларни руҳий қўллаб-қувватлаш ва уларга мотиватсия бериш, зўравонликка қарши тарғибот ишларини кучайтириш мақсадида жамоатчилик эътиборини ушбу масалага жалб этишга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда.
Хотин-қизлар ҳуқуқлари уларнинг тенглиги ва камситилмаслиги 1945 йилда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар ташкилоти Низомининг асосий тамойилларидандир. Аёллар ҳуқуқлари – инсон ҳуқуқлари бўлганлиги сабабли, аёллар барча инсон ҳуқуқларига эга ва улардан фойдаланади. Шу маънода, гендер тенглиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий қадриятларидан бири бўлиб, жинсий камситиш деярли барча инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги шартномаларида тақиқланган.
Зўравонликларсиз яшаш ҳуқуқи, жисмоний ва руҳий саломатликнинг энг юқори даражасига эришиш ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи, тенг иш ҳақи олиш ҳуқуқи ва бошқа барча инсон ҳуқуқлари жинсидан қатъи назар аёллар учун таъминланиши керак. Бироқ, бутун дунё бўйлаб миллионлаб аёллар ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишда камситишларга дуч келишда давом этмоқдалар. Гендер тенгсизлиги аёллар ва қизларга салбий таъсир кўрсатадиган кўплаб муаммоларнинг сабабчиси ҳисобланади. Булар маиший ва жинсий зўравонлик, иш ҳақининг пастлиги ёки ишга жойлашишдаги муаммолар, таълим олиш ва бошқалар бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасида Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлагши белгиланган.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судяси Ш.Х.Ғозиев
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024