Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
Мамлакатимизда судларнинг жамият ҳаётидаги ўрни.

Мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади.

Ўтган йиллар давомида судни ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Ушбу ислоҳоталарнинг амалга оширилиши суд-ҳуқуқ тизими зиммасига юқори даражадаги масъулиятни юклайди.

Охирги йиллар давомида мамлакатимизда суд соҳасини ислоҳ этиш бўйича қатор муҳим ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрь кунидаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4850-сонли, 2017 йил 21 февраль кунидаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4966-сонли ва 2018 йил 13 июлдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5482-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 07 декабрь кунидаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6127-сонли Фармони, 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6041-сонли Фармони, 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармони ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Ушбу Фармонларга асосан суд соҳасини ислоҳ этишда қатор вазифалар бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февраль кунидаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4966-сонли Фармонининг эълон қилиниши том маънода суд-ҳуқуқ тизимида туб ўзгаришларни амалга оширилиши учун замин яратди.

Ушбу Фармоннинг қабул қилиниши суд тизимида кўп вақтлардан бери ўз ечимини топиши лозим бўлган ва тўпланиб қолган муаммолар мавжуд эканлиги, суд тизимида ислоҳотлар ҳамда янгиланишлар жорий этилиши долзарб масала эканлигини намоён этди.

Эндиликда, ривожланиб бораётган ахборот асри ва муҳитида суд жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш, манфаатдор томонларни ахборот билан таъминлаш ва судлар фаолиятининг янада ошкоралиги ҳамда очиқлигини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилишини тақазо этмоқда.

Зеро, оммавий ахборот воситалари ва суд ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор жиҳатларини тўғри белгилаш, жумладан, оммавий ахборот воситалари фаолиятини суд муҳокамаларида амалга оширишнинг механизмларини, ахборот манбаларининг тааллуқлилиги боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ваҳоланки, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таьминлаш масаласи шахснинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини мустаҳкамлашнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддаси иккинчи қисмида белгиланганидек, «ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга» эканлиги ҳам фуқароларнинг ахборотдан эркин фойдаланишини ифода этади ҳамда судланинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқий асоснинг такомиллаштирилишини назарда тутади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81-моддасига мувофиқ, давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлатланиши белгилаб қўйилган.

Зеро, ўтган йиллар мобайнида ахборот соҳасини ҳуқуқий базасини яратилиши ва такомиллаштирилиши юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилди.

Хусусан, аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши ва унда ахборот эркинлигига оид нормаларнинг мустаҳкамланиши, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелдаги «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида (янги таҳрири)»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрдаги «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрдаги «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуни шулар жумласидандир. Ушбу қонун ҳужжатларида фуқароларнинг ахборот олиш ва ундан эркин фойдаланиш мустаҳкамлаб қўйилгандир. Масалан, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 11-модда («Ахборот ресурсларидан фойдаланиш»)сининг биринчи қисмида «Ахборот ресурсларидан фойдаланувчилар ахборот ресурсларидан эркин фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга...» деб мустаҳкамлаб қўйилган. Бундан ташқари, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга» деб белгилаб қўйилиши ҳам айнан фуқароларнинг конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқларининг амалга оширилишининг инъикосидир.

Зеро, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда ва бошқа қонун ҳамда қонуности ҳужжатларида ахборотдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи билан бирга оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгилаб қўйилди. Бу эса, ахборотнинг сифати ошишига ва ахборот тарқатиш ва ундан фойдаланишга нисбатан масъулиятни оширишга хизмат қилмоқда.

Аммо, шуни назарда тутиш лозимки, суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш алоҳида муҳим масала ҳисобланади.

Чунки, тарафлар ўртасида ҳал этилмаган низоларни адолатни ўрнатувчи ҳокимият ҳисобланмиш суд тартибида ҳал этилишида у ёки бу шахсларнинг (жумладан, давлат органларининг) шахсий, тадбиркорлик, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда манфаатларига, шаъни, қадр-қимматига дахл қилмаслик масалалари судлар учун устивор масала ҳисобланади.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 2020 йил 21 февралда «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги 04-сонли Пленум қарорининг қабул қилиниши билан ушбу муаммолар ўз ечимини топишга эришилди, деб ўйлаймиз.

Хусусан, ушбу Қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 34-моддасида «давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт» деб мустаҳкамлаб қўйилишининг амалдаги тасдиғидир ҳамда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси»нинг 19-моддасида ҳам «ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини» ҳуқуқини мустаҳкамлайди[1].

Ахборотни эркин олиш ҳуқуқи демократик давлатнинг фундаментал асосларидан бирини ташкил этади. Давлат органлари фаолиятида ахборот асосий ролга эга. Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ахборот ресурсларидан бемалол фойдалана олиш ҳуқуқи жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг асосини ташкил этади, шу билан бир қаторда давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги даражасини ошириш билан бирга коррупцияга қарши курашишнинг ҳам самарали воситаси бўлиб хизмат қилади.

Мазкур Қарорнинг қабул қилиниши билан суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратибгина қолмай, балки одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланиб, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Суд муҳокамасининг ошкоралиги деганда, судлар фаолиятига (суд муҳокамасига) доир ахборотни олиш ҳуқуқи, судларнинг таркиби, тузилмаси тўғрисидаги ва бошқа исталган очиқ ахборотлар (давлат сири ёки бошқа муҳофаза қилинадиган сирлар тоифасига кирмайдиган, шунингдек у ёки бу шахсларнинг шахсий, тадбиркорлик, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда манфаатларига, шаъни, қадр-қимматига дахл қилмайдиган)га эркин эга бўлиш ҳуқуқи тушунилади. Аммо, шунинг билан биргаликда, ушбу ахборотлар ва маълумотлар суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиши ва судлов фаолиятига бирон бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозим.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун ҳам ташкилий, ҳам ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, улар изчил такомиллаштирилиб борилмоқда. Яратилган барча ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитлар туфайли мамлакатимизда замонавий миллий ахборот макони вужудга келди.

Шу ўринда, судларда ахборот соҳаси (ОАВларига ахборот бериш, интервью, маълумотлар, суд ҳужжатларидан нусхалар бериш ва б.)ни ислоҳ қилиш ҳамда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги тадрижий ислоҳотларнинг бугунги босқичида долзарб масалаларидан бири, шубҳасиз, суд муҳокамасининг ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тартибини белгиловчи қонуности ҳужжатнинг қабул қилинишида – жамоатчилик назоратини, суд ҳокимияти ва жамоатчилик ўртасидаги узвий алоқани таъминлашда ОАВ ролини кучайтиришга, шунингдек, суд ҳокимияти органи ахборот хизмати фаолиятини фаоллаштиришга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмлар яратилишини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги Қарорининг қабул қилиниши билан – шахсларнинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш, аҳоли, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида хабардорлигининг самарадорлигини оширишда қўл келмоқда.

Бу, ўз навбатида, юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, судларнинг, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтирмоқда.

Бундан ташқари, БМТ Европа Иқтисодий Комиссиясининг «Ахборотлардан фойдаланиш, атроф-муҳитга тааллуқли масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида, суд ишларида жамоатчиликнинг қатнашиши ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Орхусск Конвенциясининг 4-моддаси талаблари кўра, аҳолини атроф муҳит ҳолати, инсон саломатлиги, мулки ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатлар ҳақида тезкор хабардор қилишга оид қоидалар белгилаб қўйилган. Қатор давлатлар ушбу конвенция ва бир қатор халқаро ҳужжатлар асосида ўз қонунларини ишлаб чиқишган.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги Қарорининг қабул қилиниши, авваламбор, ҳар кимнинг қонун билан таъқиқланмаган, судлар фаолияти, суд муҳокамаси тўғрисидаги ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ҳамда тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилиши билан бирга, суд ҳокимияти органлари фаолиятининг, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини, мамлакатимиз ва хорижда кечаётган воқеа-ҳодисалар хусусида фикрлар хилма-хиллиги ва сиёсий плюрализмни ҳисобга олган ҳолда, таьминлаши зарур.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида «Мен бир фикрни такрорлашдан чарчамайман: халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт» деб таъкидлагани халқни давлат ҳокимиятига бўлган ишончини орттиришдек мураккаб вазифани бажаришни, суд органларини чинакам «адолат қўрғони» номини оқлашни талаб этади.

 

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири С.Жалилов

 

[1] БМТ Бош Ассамблеянинг 1948 йил 10 декабрдаги 217А (III)-сонли резолюцияси билан қабул қилинган ва эълон қилинган.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
14 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси