Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 12-августдаги ПФ-108-сонли “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармони ҳақида
Мазкур Фармонга асосан аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш сиёсатини давом эттириш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, шунингдек, педагог ва тиббиёт ходимлари меҳнатини қўшимча рағбатлантириш мақсадида:
- 2024-йил 1-сентябрдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар миқдори 15 фоизга оширилсин. Бунда:
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 428 000 сўм этиб;
ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 834 000 сўм этиб;
ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори — ойига 920 000 сўм этиб;
фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар миқдорлари иловага мувофиқ белгиланди.
- 2024-йил 1-октябрдан бошлаб:
бюджет ташкилотларида ишловчи тиббиёт ходимлари, шунингдек, мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ташкилотлари, “Мурувват” интернат уйлари, “Меҳрибонлик” ва Болалар уйлари, болалар санаторияларида ишловчи педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдори — 15 фоизга оширилиши белгиланди.
Бундан ташқари бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори — 10 фоизга оширилиши белгиланди.
меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 1 155 000 сўм этиб белгиланди.
базавий ҳисоблаш миқдори — 375 000 сўм этиб белгиланди.
2024-йил 1-сентябрдан бошлаб фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар
МИҚДОРЛАРИ
- Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 920 000 сўм.
- Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 920 000 сўм.
- 1941 — 1945-йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар конслагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — ойига 4 056 000 сўм.
- Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (834 000 сўмдан) 920 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори — ойига 920 000 сўм.
- Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 745 000 сўм.
- Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 745 000 сўм.
- Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — ойига 745 000 сўм.
- Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 745 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 244 000 сўмдан қўшилади.
- Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 745 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиаси в.в.б Ш.Ғозиев