1992 йилдан буён констититуцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида, бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман, расмийларга кўра, конституция 65 фоизга янгиланган.
Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи қуйидагича ўзгартирилмоқда:
Бошқарувнинг республика шакли – давлат ҳокимиятининг олий органлари халқ томонидан муайян муддатга сайланишини англатади. (Конституция нормаларига расмий шарҳлар ҳозирча йўқ, шу сабабли ундаги норма ва тушунчаларга таҳририят умумқабул қилинган доирада, мустақил изоҳ бериб ўтмоқда).
Суверен давлат – ўз ҳудудида тўла-тўкис мустақил ҳукмронлик ва мутлақ юрисдикцияга эга бўлиш демакдир.
Демократия эса халқ ҳокимиятини ифода этиб, давлат бошқарувида сайланиш ва ўз вакилларини сайлаш орқали барчанинг тенг ҳуқуқли иштироки таъминланишини кўзда тутади.
Ҳуқуқий давлатда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади. Қолаверса, ҳуқуқий давлатда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, давлат ҳокимиятининг олий органлари ҳам қонунларга бўйсунади ва қонунларнинг муқаррар ижросини таъминлайди.
Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан, ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларида ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти бўлиши керак.
Дунёвий давлатда давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлади. Давлат диний эътиқодидан қатъи назар барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позицияни эгаллайди.
Янги конституциянинг 154-моддаси билан, 1-моддадаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмас, деб белгиланди. Худди шунингдек, 154-модданинг ўзидаги айнан шу қоидадан иборат банд ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.
Бошқача айтганда, бу норма – Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги, ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги, монархияга ёки исломий республикага айланмаслигини назарда тутади.
15-моддага қуйидагича қўшимча қўшилди:
Конституциянинг тўғридан тўғри амал қилиши фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита конституциядаги нормаларга ҳам асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан судга мурожаат қилишга имкон беради.
Референдумда қабул қилинган қонунга биноан, Олий суд 3 ой ичида тегишли Пленум қарорини қабул қилиши керак. Бу қарор асосида судлар томонидан конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти жорий этилади.
Янги конституциянинг 19-моддаси (аввалги 18-модда) – фуқароларнинг жинси, миллати, мавқейи ва ҳоказолардан қатъи назар қонун олдида тенглиги ҳақида. Бу модданинг 2-қисми қуйидагича ўзгармоқда:
Бу билан конституциянинг амалда ишламай келган нормаларидан бири реал воқеликка мослаштирилмоқда. Амалиёт шундайки, турли жабҳалардаги имтиёз ва преференциялар нафақат қонунлар асосида, балки кўп ҳолатларда қонуности ҳужжатлар – қарор ва фармонлар асосида бериб келиняпти.
Конституциянинг янги таҳририга асосан:
Ижтимоий муносабатлар чексиз шаклларга эга, уларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўлиқ кодификация қилиб чиқиш амалда имконсиз.
Эндиликда, қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.
Бундан ташқари, турли ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда, масалан пенсия тайинлашда тегишли ҳужжатлар базадан топилмай, ноаниқлик юзага келганида ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.
Ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланиши масаласи аввалги конституцияда қуйидаги иккита норма билан тартибга солинган эди:
Конституциянинг янги таҳририда юқоридаги иккита норма деярли ўзгаришсиз сақлаб қолинди. Шу билан бирга, қуйидагича янги норма қўшилди:
Ҳуқуқлар чекланишига доир бу меъёрлар, янги конституциянинг бошқа бир моддасига асосан, сўз эркинлиги ҳуқуқига ҳам тегишли. Яъни ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи фақат конституциявий тузумни, аҳоли соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига йўл қўймаслик мақсадида чекланиши мумкин.
Таъкидлаш лозим, “ижтимоий ахлоқ” тушунчаси Ўзбекистон қонунчилигига ҳали киритилмаган. Ушбу тушунча ҳамда мазкур модда бўйича инсон ҳуқуқлари “жамоат тартибини таъминлаш мақсадида” чекланиши бўйича ваколатли органнинг ҳуқуқий шарҳига зарурат бор. Ҳуқуқлар таъминланиши билан ижтимоий ахлоқ ва жамоат тартибини сақлаш ўртасидаги олтин ўрталик аниқ белгилаб қўйилиши керак. Шу билан бирга, юқорида айтганимиздек, конституцияга биноан эндиликда барча ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилади.
Шу ўринда, намойишларга оид моддани ҳам эслатиб ўтиш ўринли. Бу модда аввалги ҳолида, ўзгаришларсиз сақлаб қолинди:
Конституцияга ўқитувчилар ҳақида модда қўшилди. У икки банддан иборат:
Шу тариқа, устозлар ҳуқуқ соҳаси вакили бўлмаган, лекин олий қонунда алоҳида тилга олинган ягона касб эгаларига айланди. Конституцияда номи келтирилган ўқитувчилардан бошқа касб эгаларининг барчаси – ҳуқуқ соҳаси вакиллари (судялар, прокурорлар ва адвокатлар). Бошқа ҳолатларда касб эгалари эмас, соҳалар ҳақида гап кетган (масалан, оммавий ахборот воситалари, турли жамоат бирлашмалари).
Ўзбекистонда 2022 йилдан эътиборан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бошланган. Шу билан деярли бир вақтда, ўтган йили эълон қилинган янги конституция лойиҳасининг бирламчи версиясида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни хусусийлаштириш мумкин эмаслигига ишора қилинган эди. Якуний талқиндан бундай чеклов олиб ташланди ва ерни хусусийлаштиришга оид норма қуйидагича шаклга келтирилди:
Бош қомуснинг ўтган йили эълон қилинган биринчи лойиҳасида унга қуйидагича жумлани киритиш таклиф этилган эди: “Иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмайди”. Якунда бу борадаги нормалар қуйидагича кўриниш олди:
Ҳужжатнинг бирламчи лойиҳасида мавжуд бўлган: “Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди” деган нормани конституцияга киритмасликка қарор қилинди. Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликда ҳам бунақа қоида йўқ.
Аввалги конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” номли боби битта моддадан иборат эди. Унда шундай дейилганди: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”.
Янги конституцияга кўра, бу боб иккита моддадан иборат бўлди:
Асосий янгилик – ОАВ фаолиятига тўсқинлик учун жавобгарлик конституция даражасида белгиланди. МЖтК ва Жиноят кодексларига тегишли жавобгарлик киритилиши ҳақида 4-5 йилдан бери гапириб келинади, лекин уларнинг барчаси оғизда ва қоғозда қолиб кетмоқда.
Эндиликда, референдумда қабул қилинган қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликни янги конституцияга мослаштириш дастурини 2 ой муддат ичида ишлаб чиқиб, парламентга киритиши керак.
Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясига биноан:
Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ битта лавозимни эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида, президентдан ташқари, Сенат раиси, Қонунчилик палатаси спикери, Олий суд раиси ва ўринбосари, Судьялар олий кенгашининг раиси ва ўринбосари, Марказий сайлов комиссияси раиси, бош прокурор, ҳокимлар ва кенгашлар раисларига нисбатан ҳам татбиқ этиладиган бўлди.
Референдумда қабул қилинган қонуннинг 7-моддаси билан, барча даражадаги давлат мансабдорларининг айни пайтга қадар эгаллаб келган муддатлари ноллаштирилди. Улар лавозимларини эгаллаб келаётганининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар, бошқа фуқаролар билан тенг равишда худди шу лавозимларга сайланиш ва тайинланишга ҳақли, деб белгиланди.
Маҳаллий давлат бошқарувида вакиллик ва ижро этувчи органлар бир-биридан ажратилмоқда. Бу борадаги ҳозирги тартиб ҳокимиятнинг бўлиниш ва ҳокимият бўғинларининг ўзаро тийиб туриш принципига зид. Бош қомуснинг янги таҳририга асосан, бунга барҳам берилиб, маҳаллий кенгашлар сайланадиган вакиллик органлари, ҳокимликлар эса ижро органлари деб белгиланмоқда.
Шунга мувофиқ, қуйидаги саналардан бошлаб, ҳокимларнинг кенгашларда раислик қилишига барҳам берилади:
Маҳаллий кенгашлар раислари кенгаш депутатлари орасидан 5 йил муддатга сайланади. Ҳокимлар эса 5 йил муддатга тайинланади, тайинланган ҳокимни кенгашлар тасдиқлайди. Шу тариқа, кенгаш раислари ҳам, ҳокимлар ҳам тўғридан тўғри аҳоли томонидан сайланмайди.
Кенгашларнинг ваколатларига, жумладан, қуйидагилар киради:
Ҳокимларнинг ваколатлари эса, жумладан, қуйидагилардан иборат бўлади:
Ҳокимлар ва маҳаллий кенгашларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби бўйича алоҳида қонунлар қабул қилинади. Маҳаллий масалалар бўйича уларнинг ваколатлари қандай тақсимланиши ана шу қонунларда акс этади.
***
Юқоридагилардан ташқари, конституцияга бошқа кўплаб нормалар ҳам қўшилган, жумладан:
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев конституция ислоҳоти ҳақида 2021 йил 6 ноябр куни, иккинчи президентлик муддатига киришиши юзасидан инаугурация маросимидаги нутқида биринчи марта айтиб ўтган эди. Давлат раҳбари ўша йили декабр ойида, конституция байрами арафасида халққа йўллаган табригида: “конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда етти марта эмас, етмиш марта ўйлаш” зарурлигини таъкидлаган эди. 2022 йил май ойида конституциявий комиссия тузилиб, ҳужжатни янгилаш жараёни бошланди.
Расмийларга кўра, конституция қабул қилинган кун сифатида бундан кейин ҳам 1992 йил 8 декабр санаси эътироф этилади, 8 декабр – байрам санаси ўзгармайди.
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси Ш.Ғозиев
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024