Ўтган қисқа даврда Ўзбекистонда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Унда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида кўрилган комплекс чора-тадбирлар том маънода суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.
Хусусан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланди. Ягона суд амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш мақсадида давлат органлари қарорлари ва мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган шикоятларни, яъни оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишга ваколатли маъмурий судлар ташкил этилди.
Судлар тузилмаси ҳам замон талабларига мос равишда такомиллаштирилиб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдиксия судлари ташкил этилди.
Инвесторлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида протсессуал қонунчиликка иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги инвестиция шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ва рақобатга оид ишларнинг судловга тааллуқлилигига оид нормалар киритилиб, йирик инвесторларга тааллуқли низолар ва рақобатга оид ишлар, тарафларнинг хоҳишига кўра, Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши мумкинлигига оид тартиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилиб, судялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ташкил этилди.
Шунингдек, Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий суд фаолияти такомиллаштирилди. Ҳудудлардаги хўжалик судлари иқтисодий судлар сифатида қайта ташкил этилди, 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқиш ваколати берилди. Судя лавозимида фаолият юритишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ва муддатсиз даври белгиланди. Судларнинг ўз молиявий, моддий-техник масалаларини мустақил ҳал қилиш борадаги ваколатлари адлия органларидан олиниб, Олий судга ўтказилди. Суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Шахснинг жиноят содир этишдаги айбдорлиги фақат суд муҳокамасида ўз исботини топган далилларга асосланиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилди. Қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатлари қатъиян тақиқланди.
Судда ишларни кўриб чиқишда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди. Судлар фаолиятининг шаффофлиги, очиқлиги йўлида 10 мингдан ортиқ жиноят иши сайёр суд муҳокамаларида кўриб чиқилди. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ва дастлабки терговнинг энг юқори муддатлари камайтирилди.
Судяликка номзодларни танлов асосида ишга қабул қилиш механизми жорий этилгани алоҳида эътирофга лойиқ. Илк бор судялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини онлайн ёритиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, судялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга ошириладиган бўлди. Албатта, малакали ва етук судялар корпусини ҳамда суд аппарати ходимларини тайёрлашнинг янги тизими жамиятда суд идораларига бўлган ишончни ошириш, адолат барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, том маънода судни “Адолат қўрғони”га айлантириш ҳамда одил судловнинг юқори даражага кўтарилишига хизмат қилади.
Шунингдек, инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишлар фақат иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқиладиган бўлди. Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Энди, бундан буён прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди. Суд тизимида ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “Бир суд – бир инстанция” тамойили, шунингдек, туманлараро судларнинг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъати томонидан апеллятсия тартибида қайта кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳ этилиб, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига асосланган ҳуқуқий тизим шаклланди.
Айниқса сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди десак муболаға бўлмайди.
Мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ўзгариш ва ислоҳотлар, аввало инсон манфаати, унинг орзу-умидлари, эзгу ниятларини рўёбга чиқаришдек хайрли мақсадга хизмат қилмоқда. Бу инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ҳар бир шахснинг давлат ҳимоясида эканлиги тўғрисидаги конституциявий принципларини амалга оширишни кафолатлашга қаратилган.
Муҳтарам Президентимиз “Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди” деб таъкидлаганлар.
Ушбу ислоҳотлар мамлакатнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Қумқўрғон туманлараро
иқтисодий суди девонхона мудири Ж.Аллабердиев
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025