Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.
Мазкур норманинг конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилиши судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши борасида кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифаларни белгилаб олишни тақозо этади.
Чунки Конституциянинг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”, деб кўрсатилган.
Маълумки, Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатади.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 23 июндаги “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 16-сонли Қарори қабул қилинди.
Ушбу Пленум қарорининг 1-бандида судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги қайд этилган.
Бугунги кунга қадар судлар томонидан Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари кафолатлаб қўйилган нормалар изчил қўлланиб келинмоқда.
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ЖКнинг 165-моддасида назарда тутилган жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш, уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўзининг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқиш Конституциянинг 31-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган:
Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисидаги нормалар тўғридан-тўғри қўлланиб келинмоқда.
Шу ўринда, Конституция нормаларини фақатгина содир этилган жиноят учунгина эмас, балки протсессуал ҳаракатларга нисбатан ҳам қўлланишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Хусусан, Жиноят-протсессуал кодекснинг 116-моддасига кўра гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари гумон қилинувчига, айбланувчига тааллуқли ҳолатлар ҳақида гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан сўроқ қилинишлари мумкин.
Ўз навбатида Конституциянинг 28-моддасида ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги тўғрисида норма қайд этилган.
Барча давлат органларининг конституциявий қонунийликни таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлари мамлакатда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги тўғрисидаги умуминсоний принтсипларнинг амалга оширилишини кафолатлайди. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўқув-семинар машғулотлари ташкил этиш ҳамда аҳолининг конституциявий билимларини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғиботларни кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.
Қумқўрғон туманлараро
иқтисодий суди раиси Х.Абраев
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025