Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА РАҚАМЛИ ДАЛИЛЛАР БИЛАН ИШЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ: ЯНГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ВА УЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

Рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ҳуқуқий тизимнинг ҳам мос равишда такомиллаштирилишини талаб этади. Ўзбекистон Республикаси рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритди. Ушбу мақолада мазкур ўзгаришлар, уларнинг аҳамияти ва рақамли далиллар билан боғлиқ ҳуқуқий жараёнларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ёритилади.

2024-йил 21-ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Жиноят-просессуал кодекси, Фуқаролик-просессуал кодекси, Иқтисодий просессуал кодекс, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга рақамли далиллар тушунчаси ҳамда улар билан ишлаш тартибини белгиловчи нормалар киритилди.

Ушбу қонун билан рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартиби белгиланди. Хусусан, жиноят иши доирасида гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар электрон маълумотларни электрон жисмдан бошқа электрон жисмга кўчириш орқали тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Шунингдек, рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини масъул шахсларга ёки судга қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш имконияти яратилди. Бироқ, бундай қоғоздаги шакл ёзма далил деб ҳисобланмайди. Рақамли далилдан коʻчирма нусха олишга, унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланган ҳолда йўл қўйилади. Бу эса рақамли далилнинг асл нусхасининг мавжудлигини таъминлайди.

Рақамли далиллар замонавий ҳуқуқий амалиётда муҳим аҳамият касб этмоқда. Улар электрон шаклда сақланган маълумотлар бўлиб, суд ишларида ёки бошқа ҳуқуқий жараёнларда далил сифатида қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг янги қонун ҳужжатларида рақамли далилларнинг ҳуқуқий мақоми ва ишончлилиги аниқлаштирилди, рақамли далилларни олиш, қайта ишлаш ва судга тақдим этиш тартиби белгиланди ҳамда далилларнинг яхлитлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун техник воситалардан фойдаланиш қоидалари аниқланди.

Янги қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги муҳим ўзгаришлар амалга оширилди:

  • жиноят-просессуал кодексига рақамли далилларни суд томонидан қабул қилиш шартлари белгилаб берилди;
  • фуқаролик-просессуал ва Иқтисодий просессуал кодексларида электрон маълумотларни далил сифатида кўриб чиқиш тартиби аниқланди;
  • рақамли далиллар билан боғлиқ жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг ишончлилигини таъминлаш бўйича махсус экспертиза тизими жорий этилди.

Рақамли далилларнинг ишончлилигини таъминлаш муҳим ҳуқуқий масалалардан бири ҳисобланади. Ушбу мақсадда далилларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун криптографик усуллардан фойдаланиш, электрон далилларни сақлаш ва узатиш жараёнларида киберхавфсизлик чоралари кўриш ва далиллар билан ишлашда махсус мутахассисларнинг иштирокини таъминлаш сингари тамойиллар жорий этилди.

Янги қонунчиликка мувофиқ рақамли далиллар суд томонидан қуйидаги шартлар асосида қабул қилинади:

  • далилларнинг манбаси ва уларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланган бўлиши керак;
  • электрон маълумотлар қоғоз шаклда ёки расмий электрон ҳужжат сифатида тақдим этилиши мумкин;
  • далилларнинг ўзгартирилмаганлиги ишончли техник воситалар ёрдамида текширилиши лозим.

Киритилган ўзгаришлар рақамли далилларнинг ишончлилигини оширишга ёрдам беради, бу эса суд жараёнларини тезлаштиради ва ишончли қарорлар қабул қилиш имкониятини беради.

Ўзбекистон Республикасида рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар ҳуқуқий жараёнларнинг замонавий технологиялар билан уйғунлашувига хизмат қилади. Ушбу ўзгаришлар суд ишларининг янада адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлаб, фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имконини яратади. Келгусида рақамли далиллар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро тажрибаларни қўллаш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.

 

Қумқўрғон туманлараро

иқтисодий суди судяси                                                                Т.Усмонов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси