Қумқўрғон туманида қудуқ қопқоқлари, сув миноралари ҳамда бошқа турли хил металл жиҳозлар ишлаб чиқарувчи “Механика” ХК заводи фаолият юритмоқда. Ушбу заводда асосан гидротехник иншоотлар учун жиҳозлар ишлаб чиқарилади ва вилоятимиз ҳудудларига қолаверса, бошқа вилоятларга ҳам жиҳозлар етказиб берилади.
Завод раҳбарининг таъкидлашича, ишчи-ходимлар учун тўланадиган иш ҳақи 3,5 млн сўмдан бошланади, агарда ўз ишининг устаси бўлган менежер бошқарувчи кадрлар бўлса 20 млн сўмгача ойлик иш ҳақи беришга тайёр. Илмий асосларда корхонадаги айрим жиҳозлар шу ерлик усталар томонидан яратилган ва йирик жиҳозларни кўтариш учун электр кўтарма кранлари тикланмоқда. Ҳозирги кунда 45 нафар фуқаро шу ерда меҳнат қилиб, ўз рўзғорини тебратмоқда.
Масъуллар завод фаолияти билан танишиб, келгусида лойиҳани кенгайтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўз тавсияларини беришди.
Шундан сўнг “Равшан Инроз” ХК томонидан ташкил этилган МДФ эшик ва мебел маҳсулотлари ишлаб чиқариш, “Ягона Сервис Пласт” МЧЖнинг сантехника маҳсулотлари ва синтефон ишлаб чиқариш лойиҳаси билан ҳам танишилди.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўздан кечирилиб, яратилган иш ўринлари, келгусида лойиҳаларни кенгайтириш бўйича режалар билан ҳам танишилди. Тадбиркорларнинг мавжуд муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, “Ягона Сервис Пласт” МЧЖнинг синтефон ишлаб чиқариш лойиҳасини кенгайтириш учун қўшимча банк кредити ажратилишида кўмак кўрсатиладиган бўлди.
Шунингдек, “Сурхон комбинати” МЧЖ томонидан кўп йиллардан буён тўлиқ қувватда ишламай келаётган бинода амалга оширилиши режалаштирилган тўқимачилик комплекси лойиҳаси билан танишилди. Лойиҳа ишини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, масъуллар билан қайта ўрганилиши таъкидланди.
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024