Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
ФИРИБГАРЛИКНИ ЎЗИГА КАСБ ҚИЛИБ ОЛГАНЛАР.

Айтиш жоизки, қанчалик ташвишли бўлмасин сўнгги йилларда республикамиз ҳудудида фирибгарлик жиноятларининг салмоғи бирмунча ошганлиги кузатилмоқда.

Албатта, ушбу жиноятни содир этган шахсларга нисбатан қонуний жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари кўриб борилаяпти. Чунки, бу иллатга нисбатан ўз вақтида барҳам берилмас экан,  фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етиши давом этаверади.

Ачинарлиси, баъзи фуқароларимиз муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этгани учун судланган бўлсада, гуёки ушбу иллатни ўзига касб қилиб олгандек келгусида яна қайта жиноятга қўл уришмоқда. 

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судининг навбатдаги суд мажлисларининг бирида худди шундай шахслардан бири илгари айнан шу каби фирибгарлик жиноятлари учун жазони ўтаб чиққанидан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан қасддан яна такроран фирибгарлик жиноятлари содир этганлиги учун Қумқўрғон туманида яшовчи фуқаро М.Н.га нисбатан жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд мажлислари давомида судланувчи М.Н. ва унинг ҳатти-ҳаракатларидан жабр кўрган жами 5 нафар жабрланувчилар ҳамда давлат айбловчиси ва ҳимоячилар иштирокида жиноят иши муҳокама қилинди.

Иш ҳолатига кўра, судланувчи М.Н. фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, Қумқўрғон тумани ва Музработ туманида яшовчи чет элда ишлаш истагида бўлган жами                          5 нафар фуқароларни алдаб ва уларнинг ишончини суиистеъмол қилган ҳолда 2021 йилнинг декабрь ойидан 2022 йилнинг март ойи оралиғида уларни Чехия давлатига ишга юборишни ваъда қилиб жами ҳисоблаганда 6.800 АҚШ долларини олиб, берган ваъдасини бажармасдан ва пулларни қонуний эгаларига қайтармасдан ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Суд муҳокамаси давомида судланувчи М.Н.нинг такроран ва хавфли рецидив фирибгарлик жиноятларини содир қилганликдаги айби унинг суд тергови давомида айбига қисман иқрорлик ва қилмишидан пушаймонлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, суд мажлисида сўралган жабрланувчилар ва гувоҳнинг кўрсатувлари, аризалар, юзлаштириш баённомаси, шунингдек, жиноят иши бўйича тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топди.

Ишни судда кўриш якуни бўйича, судланувчи М.Н. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан ЖКнинг 60, 61-моддалари тартибида узил-кесил 6 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, судланувчидан жами 5 нафар жабрланувчиларга жиноят оқибатида етказилган моддий зарарларни ундириш белгиланди ва тарафларга М.Н.нинг ҳаракатлари оқибатида етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишларини юритиш тартибида судга даъво қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Шу ўринда, фуқароларимиздан бошқа, айниқса нотаниш шахслар билан пул ёки мулк олди-бердисини амалга ошириш масаласида юқоридаги каби фирибгарлик жинояти қурбонига айланиб қолмаслик учун ҳушёрлик билан иш тутишлари борасида огоҳликка чорлаб қоламиз.

 

Жиноят ишлари бўйича

 Қумқўрғон туман суди раиси                                                    О.А.Эргашев

 

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
48 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси