Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида.

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ хотин-қизларнинг жамиятдаги роли, ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга кенг шароитлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бунинг исботи ўлароқ, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият хаётидаги ролини ҳимоя қилишга қаратилган саксондан ортиқ миллий ва халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Бугун ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида фидоий аёлларимизнинг фаоллашиб бораётганлигини кўрамиз. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Мана шундай хотин-қизлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши учун ўрнатилган тартиблардан бири бу ҳимоя ордери ҳисобланади. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат"дир. Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган жабрдийда хотин-қизларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан берилади. Турмуш ўртоғи, севган йигити, қайнота-қайнонаси, қайнсингиллари, қўни-қўшни, иш жойида бўлса, раҳбари ва бошқалар томонидан жисмоний ёки руҳий зўравонлик қурбонига айланган аёллар мазкур ордер асосида қонуний тарзда муҳофаза қилинади. Ҳимоя ордери 1 ой муддатга берилади. Шу муддат ичида низони ҳал этиш имкони бўлмаса, ёки ўша ҳолат яна давом этадиган бўлса, аёлнинг мурожаатига асосан яна 1 ой муддатга узайтирилади. Бир ой муддатга узайтирилганидан кейин ҳуқуқбузарга нисбатан тузатиш дастури амалга оширилади. У билан психологлар, фаоллар, меҳнат жамоасидаги вакиллар ишлайди. Қонун ҳужжатларида бу ҳам белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикасининг 11.04.2023 йилдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сонли Қонунига кўра амалдаги қонунчилигимизга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан: «Агар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс бир жойда ишласа ёки ўқиса, тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга оширувчи ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан жабрланувчига ҳимоя ордери берилганидан кейин бир иш куни ичида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг иш ёки ўқиш жойига, агар тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ташкилот раҳбари бўлса, юқори турувчи органга, жабрланувчи ва тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ўртасидаги бевосита алоқани тақиқлаш тўғрисида тақдимнома юборилиши;

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ишлаётган ёки таълим олаётган ташкилот раҳбари тақдимномани олганидан кейин, уч иш куни ичида жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ўртасидаги бевосита алоқани бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни амалга ошириши;

Тазйиқ ва зўравонлик ёки уларни содир этиш хавфи бартараф этилмаган тақдирда, тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра, бир иш куни ичида ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича материаллар тайёрланади ҳамда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома расмийлаштирилган ҳолда жабрланувчининг яшаш жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига юборилиши;

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида ёпиқ суд мажлисида жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ҳозирлигида кўриб чиқилиши;

Илтимосномани судда кўришда адвокат иштирок этиши мумкинлиги;

Жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисига келиши ички ишлар органи ходими кузатуви остида амалга оширилиш;

Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисида узрсиз сабабларга кўра ҳозир бўлмаганлиги ишни кўриб чиқишга монелик қилмайди. Агар суд мазкур шахснинг судда ҳозир бўлишини шарт деб топса, суд уни мажбуран олиб келиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкинлиги;

Судья иш материаллари билан танишиб чиққанидан кейин ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор чиқариши;

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши;

ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар, қарорни қабул қилган суднинг номи, судьянинг, тарафларнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, машғулотининг тури ҳамда яшаш жойи;

ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар;

Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва ички ишлар органлари томонидан дарҳол ижро этилиши;

Судья тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга қарор устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини, шунингдек ҳимоя ордери талабларини ҳамда уларни бажармаслик оқибатларини тушунтирилиши;

Қарорнинг кўчирма нусхаси тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахсига, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига, шунингдек тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга дарҳол топширилиши;

Агар улар суд мажлисига келмаган бўлса, қарорнинг кўчирма нусхаси бир сутка ичида почта орқали тарафларга юборилиши;

Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарори устидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс, агар ишда иштирок этган бўлса, уларнинг адвокати, қонуний вакили томонидан 72 соат ичида апелляция тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги;

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиниши унинг ижро этилишини тўхтатиб турмаслиги;

Ҳимоя ордери талабларининг бажарилиши устидан назорат ички ишлар органи томонидан амалга оширилиши;

Ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ҳимоя ордерини бериш ҳамда уни узайтириш тўғрисидаги ариза уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили ҳозирлигида кўриб чиқилиши;

  «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга, шунингдек уларнинг ўзи билан бирга махсус марказларга жойлаштирилган вояга етмаган болаларига ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар тазйиқ ўтказганликда ва зўравонлик содир этганликда айбдор деб топилган шахсдан ундирилиши мумкинлиги ҳақидаги тўғрисидаги бандлар билан тўлдирилганлиги, ва мазкур қонунга киритилган бошқа ўзгартиришлар мамлакатимизда хотин қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги амалга оширилаётган кенг ислоҳотларнинг исботидир.

 

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси   А.Холмуминов

 

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
15 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси