Қумқўрғон тумани “Бўстон” маҳалласининг “Қизил қоя” қишлоғида маҳалла тиббиёт пункти очилди. Бундан “Бўстон” маҳалла фуқаролар йигʻини ҳудудида истиқомат қилаётган аҳоли роса хурсанд.
Маҳалла тиббиёт пунктининг очилиш маросимида туман ҳокими Анвар Нормаматов, сектор раҳбарлари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Ушбу тиббиёт шохобчаси (контейнер) туман марказидан 15 км узоқликда жойлашган бўлиб, унда умумий амалиёт шифокори, патронаж ҳамшира, патронаж фелдшер фаолияти йўлга қўйилди ва кундузги статсионар даволаш хизматлари учун ҳам барча шароитлар яратилган.
Мазкур маҳалла тиббиёт пунктида фаолият юритадиган шифокор ва патронаж ҳамшира, шу худудда истиқомат қилаётган 324 та хонадон, 1826 нафар фуқарога хизмат кўрсатади. Ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган аҳолига бу ерда тиббий хизмат кўрсатилиб, зарур бўлган дори-дармон бепул тарқатилади. Бир сўз билан айтганда маҳалла тиббиёт пунктининг фойдаланишга топширилиши аҳолининг узоғини яқин қилади.
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024