Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мизиёев жорий йилнинг 16 март куни давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 29 март куни Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Қумқўрғон туманида ўтказилган учрашувда жами 150 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.
Шунингдек, 2022 йилнинг I-чораги давомида давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан туманда жами 12 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 1100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Қумқўрғон туманида 1300 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 514 та корхонанинг 528 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 400 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.
Қумқўрғон туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 433 та корхонадаги 883 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.
Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 222 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 241 нафар, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 420 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 200,0 миллион сўм атрофида қўшимча маблағ йўналтирилди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020 йилда янги Солиқ Кодексини қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 2 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, Қумқўрғонлик тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари туманда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баравар кўпайган бўлса, солиқ тўловчилар сони 1093 та дан 1343 тага етди. Бундан ташқари, солиқ турларидан ортиқча тўлов суммасини қайтариш юзасидан 5 корхонага 10.0 миллион сўмга пул маблағлари корхоналарнинг ҳисоб рақамларига қайтарилди.
2022 йилнинг I-чораги давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 19.65 млрд. сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 0.51 млрд. сўм ортиғи билан бажарилди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 15.85 млрд. сўми, яъни 80.7 фоизи юридик шахслар, 3.8 млрд. сўми ёки 19.3 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.
Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 9,05 млрд. сўм ёки 46,04 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 3,60 млрд. сўм ёки 18,32 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқ 1,26 млрд. сўм ёки 6.42 фоизини ҳамда қолган 5,74 млрд. сўм ёки 29,22 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.
Жорий йилнинг I-чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 75 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 62 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 18 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 9,0 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.
Ҳурматли тадбиркорлар! Қумқўрғон туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.
Зафар Турсунов, Қумқўрғон тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024
1 изоҳ