Юртимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5924-сон ва 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6099-сон фармонларига мувофиқ:
1. Қуйидагилар паралимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш ҳамда улар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар қамровини янада ошириш;
барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш ҳамда иқтидорга эга бўлган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишини таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизимни жорий этиш;
ривожлантирилаётган (мавжуд), янги ташкил этилаётган ва келажакда янги ташкил этилиши режалаштирилган паралимпия спорт турларини ҳар томонлама ривожлантириш ва оммалаштириш;
паралимпия спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини яратиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш;
жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш, жисмоний ва ижтимоий мослашуви интеграциясини дастурий-услубий таъминлаш, касбий реабилитация ва кадрлар тайёрлаш;
спорт таълим муассасаларида (шу жумладан, олий таълим муассасаларида) фаолият юритаётган паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини кучайтириш;
жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида махсус таълим муассасаларида ҳамда маҳаллаларда спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш;
барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун замонавий моддий-техник базани шакллантириш.
2. Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси негизида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (кейинги ўринларда –Паралимпия қўмитаси) ташкил этилсин.
Белгилансинки, Паралимпия қўмитаси Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. Қуйидагилар Паралимпия қўмитасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
паралимпия спорт турларини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;
ёзги ва қишки паралимпия спорт турларини ривожлантиришга кўмаклашиш, спорт объектлари ва иншоотларининг концепциялари, техник топшириқлари, техник-иқтисодий асослари/параметрлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
паралимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ва чемпионатлар, форумлар, конференциялар, семинарлар ва юклатилган вазифалардан келиб чиқиб бошқа тадбирларни ўтказиш, шунингдек, улар орқали тинчлик, дўстлик ва ўзаро тушуниш ғояларини тарғиб-ташвиқ қилиш;
паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва касбий ривожлантиришнинг замонавий ва самарали тизимини жорий этиш;
республикада ёки бошқа халқаро спорт федерациялари (ассоциациялари) ва бошқа ташкилотларда ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, ўз аъзоларини ахборот, илмий-услубий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;
паралимпия спорт турларини ривожлантириш бўйича клублар фаолиятини ташкиллаштириш ва самарали бошқариш, миллий ва халқаро спорт ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш.
4. Жойларда паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Паралимпия қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
2021 йил 1 сентябрга қадар ҳудудий паралимпия бўлинмаларининг молиявий ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тегишли ҳудудда паралимпия спорт турларини ривожлантириш учун ҳомийлар бириктирилишини, шунингдек, уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар ажратилишини;
Туризм ва спорт вазирлиги, Паралимпия қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда ҳудудларда паралимпия спорт турларини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилиши ва киритилишини;
2022 йилдан бошлаб тасдиқланадиган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳудудий паралимпия бўлинмаларига маблағ ажратилишини таъминласин.
5. Паралимпия қўмитасининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 24 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Паралимпия қўмитаси раисига, зарур ҳолларда:
Паралимпия қўмитаси тузилмасига белгиланган умумий штат сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;
мазкур қарорга асосан ташкил қилинаётган Паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши билан келишилган ҳолда Паралимпия қўмитасининг ўз маблағлари ҳисобидан унинг тузилмасига қўшимча лавозимларни киритиш, шунингдек, юқори малакали мутахассислар ва экспертларни жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.
6. Паралимпия қўмитаси 2021 йил якунига қадар Паралимпия қўмитаси ҳузурида паралимпия спорт турлари бўйича клубларни ташкил этсин, улар фаолиятини мувофиқлаштирсин ҳамда сақлаш билан боғлиқ молиявий ва ташкилий масалаларни ўз вақтида ҳал этсин.
7. Паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар ва услубчи-йўриқчилар, кўзи ожизлар, кар ва заиф эшитувчилар, ампутантлар билан ишловчи мутахассислар (сурдо, тифло-сурдо ва халқаро-сурдо таржимонлари) ҳамда бошқа кадрларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Паралимпия факультети ташкил қилинсин.
8. Паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, Институт паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ихтисослашган илмий-таълим муассасаси ҳисобланади.
Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
шартнома (пуллик) асосида кўрсатиладиган хизматлар;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро ва чет эл ташкилотларининг грантлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Институт фаолиятини қўшимча молиялаштириш учун Давлат бюджети маблағлари ҳам йўналтирилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Институт фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
9. Туризм ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Паралимпия қўмитасининг 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб “Спорт ҳамма учун” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
Белгилансинки, “Спорт ҳамма учун” лойиҳаси доирасида:
жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни параспорт турлари билан кенг қамраб олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятга интеграция қилиш мақсадида бир йилда бир марта Параспорт халқаро фестивали ўтказилади;
ҳар йили 3 декабрь куни – Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб кўзи ожизлар, заиф эшитувчилар ва ампутантлар ўртасида параспорт турлари туркумига киритилган парастол тенниси, 5х5 футбол, голбол, параенгил атлетика, парапауэрлифтинг, парабадминтон, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича Тошкент шаҳрида республика параспорт фестивали, шунингдек, бошқа ҳудудларда параспорт фестиваллари ўтказилади;
Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) ўқувчилари ўртасида паралимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилади, таниқли спортчилар томонидан мастер-класслар, шунингдек, семинар, конференция ва давра суҳбатлари ўтказилади.
Туризм ва спорт вазирлиги (А.А. Абдуҳакимов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Х. Шерматов) “Спорт ҳамма учун” лойиҳаси доирасида амалга оширилиши белгиланаётган ва бошқа чора-тадбирларни самарали
ва тўлиқ ташкил этсин, уларни ўтказиш билан боғлиқ молиявий ва ташкилий масалаларни ўз вақтида ҳал этсин.
10. Белгилаб қўйилсинки:
а) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида, шунингдек, бошқа тегишли олий таълим муассасаларида “Паралимпия” кафедраси, шунингдек, “Адаптив соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт” магистратура мутахассислиги очилади;
б) 2022 йил 1 январдан бошлаб:
Паралимпия қўмитаси тавсиясига асосан олимпия захиралари коллежларининг паралимпия спорт турлари бўлимларига юборилаётган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчилар учун
5 фоизгача қўшимча квоталар ажратилади;
давлат спорт таълим муассасаларида паралимпия спорт турлари бўйича тренерларнинг лавозим маошини ҳисоблашда базавий тариф ставкалари бир ярим баравар миқдорда қўлланилади.
11. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг спорт объектлари, иншоотлари ва жиҳозларидан фойдаланган ҳолда улар базасида Паралимпия қўмитаси ҳузурида Паралимпия спорт марказлари ташкил этилсин.
Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.А. Абдуҳакимов икки ҳафта муддатда Паралимпия спорт марказлари фаолиятини ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг аниқ жойлашган жойи, номи ва рўйхатини тасдиқласин.
12. Қуйидагилар Паралимпия спорт марказларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларда спорт билан шуғулланиш қобилиятларини аниқлаш ва уларни адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган машғулотларга жалб қилиш;
халқаро спорт майдонида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган Ўзбекистон паралимпия терма жамоалари учун спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш;
зарур замонавий моддий-техника базасини яратиш ҳамда спорт машғулотлари ўтказиш учун малакали тренерлар таркибини танлаш, спорт захираси ва спорт турлари бўйича юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш юзасидан ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш;
спорт тайёргарлиги босқичларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш усуллари ҳамда шаклларининг узвийлигини таъминлаш;
спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ҳамкорликни ривожлантириш, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт маҳоратини, шунингдек, адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турлари бўйича тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш.
13. Белгилансинки:
Паралимпия спорт марказлари юридик шахс мақомига эга бўлади, уларнинг фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш Паралимпия қўмитаси томонидан амалга оширилади;
Паралимпия спорт марказларининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб муассиснинг маблағлари, фаолият ихтисослиги бўйича пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган тушумлар, асосий машғулотлар ўтказиладиган вақтда бўш бўлган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро ва чет эл ташкилотларининг грантлари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобланади.
14. Қуйидагилар:
Паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши ташкил қилинсин ва унинг таркиби 2-иловага мувофиқ;
Паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Республика кенгаши (А.А. Абдуҳакимов):
икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2021 йилда паралимпия спорт турларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш бўйича манзилли ҳудудий дастурларни тасдиқласин, шунингдек, уларнинг тўлиқ ва сифатли ижро этилиши юзасидан доимий мониторинг ўрнатсин;
паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари, ҳомийлар – юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жалб қилсин.
Белгилансинки, Паралимпия қўмитасининг йиллик даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Республика кенгаши томонидан амалга оширилади.
15. Туризм ва спорт вазирлиги (А.А. Абдуҳакимов) вазирлик марказий аппаратида паралимпия спорт турларини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган таркибий бўлинма ташкил этсин ҳамда камида икки нафар қўшимча штат бирлигини ажратиш орқали малакали мутахассис билан таъминласин.
16. “Чорвоқ” эркин туристик зонаси Маъмурий кенгаши (А.Н. Арипов) 2021 йил якунига қадар мазкур зонада камида 50 гектарга тенг бўлган ер участкасини жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар паралимпия спорт турлари билан шуғулланиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини назарда тутиш шарти билан тадбиркорлик субъектларига истисно тариқасида бепул ажратиш чораларини кўрсин. Бунда, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар паралимпия спорт турлари билан шуғулланиши учун спорт объектлари ва иншоотларини барпо этишга йўналтириладиган маблағлар тадбиркорлик субъектларининг солиқ солинадиган базасидан белгиланган тартибда чегириб ташланади ҳамда ушбу объектлар ва иншоотлар Паралимпия қўмитасига беғараз берилади.
17. Туризм ва спорт вазирлиги (А.А. Абдуҳакимов):
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Паралимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 1 июндан бошлаб республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларида назарда тутилган барча спорт мусобақаларини ташкил қилишда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида ҳам тегишли мусобақаларни ўтказиш чораларини кўрсин;
2022 йилдан бошлаб республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларида паралимпия спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун камида 30 миллиард сўм маблағ ажратилишини назарда тутсин;
Паралимпия қўмитаси, Молия вазирлиги билан биргаликда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар спорт билан шуғулланиши учун зарур бўлган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари, жиҳозлари, буюмлари ва бошқа воситалар билан таъминласин. Бунда, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ олиб кириладиган, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари, жиҳозлари, буюмлари ва бошқа воситалар 2024 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилсин;
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда республикамизда паралимпия спорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш мақсадида Халқаро паралимпия қўмитаси ва Осиё паралимпия қўмитаси билан ҳамкорликни кучайтирсин, бу борада манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин. Бунда, ушбу ташкилотларга аъзолик бадалларини тўлаб бериш билан боғлиқ харажатлар 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;
Қурилиш вазирлиги ва Паралимпия қўмитаси билан биргаликда 2021 йил якунига қадар барча мавжуд давлат спорт объектлари ва иншоотларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилишини таъминласин;
Паралимпия қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари талабномаларига кўра жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт объектлари ва иншоотларидан фойдаланиш бўйича зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.
18. Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) мазкур қарорга асосан, жорий йилда кўзда тутилган чора-тадбирлар ва келгуси йилларда амалга оширилиши белгиланган вазифалар учун зарур маблағлар 2021 йил Давлат бюджетида Туризм ва спорт вазирлиги учун кўзда тутилган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.
19. Қурилиш вазирлиги (Б.И. Закиров) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда ҳудудларда қурилиши режалаштирилган спорт иншоотлари ва спорт майдончаларининг лойиҳаларини ишлаб чиқишда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини назарда тутсин.
Белгилаб қўйилсинки, давлат томонидан молиялаштириладиган спорт иншоотлари ва спорт майдончалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча зарур шарт-шароитлар назарда тутилмаган тақдирда ушбу лойиҳалар учун молиялаштириш амалга оширилмайди ҳамда давлат комиссияси томонидан қабул қилинмайди.
20. Туризм ва спорт вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда барпо қилинадиган олимпия ва паралимпия шаҳарчаси лойиҳасида Паралимпия спорт марказини ташкил этишни назарда тутсин.
21. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Туризм ва спорт вазирлиги, Паралимпия қўмитаси билан биргаликда адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турларини ўргатиш методикаси бўйича телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ташкил этсин, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида спортни кенг тарғиб этиш бўйича алоҳида кўрсатувлар намойиш этиш орқали спортга кенг жалб қилиш медиа-режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига (А.А.Абдуҳакимовга) киритсин.
22. Туризм ва спорт вазирлиги:
уч ой муддатда республикада фаолият юритаётган паралимпия спорт турларини тўлиқ хатловдан ўтказсин ва уларни Спорт турларининг реестрига киритиш юзасидан зарур чораларни кўрсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
23. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024