Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–6155-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишни изчил давом эттириш орқали ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш ва шу асосда аҳолининг фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада юксалтириш мақсадида:
1. Белгилансинки, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари (кейинги ўринларда – Дастурлар) доирасида:
а) қишлоқлар (маҳаллалар) рўйхати қуйидаги мезонлар асосида шакллантирилади:
олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда жойлашганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига аҳоли томонидан йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари бўйича келиб тушган мурожаатлар сони;
аҳоли ва тадбиркорларда ўзлари истиқомат қилаётган (жойлашган) қишлоқ (маҳалла) ҳудудини биргаликда ободонлаштириш юзасидан ташаббусларнинг мавжудлиги;
“Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомига эгалиги;
б) қишлоқларда (маҳаллаларда) амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини ҳамда уларни молиялаштириш учун талаб этиладиган маблағларни туман (шаҳар) ҳокимликлари маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларида ҳимоя қилади;
в) ҳар бир қишлоқни (маҳаллани) ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тегишли қишлоқдаги (маҳалладаги) мавжуд имкониятлар, аҳолининг узоқ йиллар давомида шаклланган салоҳияти, тадбиркорлик муҳити ва “ўсиш нуқталари” инобатга олинган ҳолда белгиланади;
г) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан:
аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, жойларда оқова сув хандақлари ва санитария иншоотларини барпо этиш;
электр таъминотини, жумладан, трансформаторлар ва нимстанциялар ҳолатини яхшилаш, алоқа ва ахборотлаштириш тизимини модернизация қилиш, аҳолига газ ёқилғиси узлуксиз етказиб берилишини ташкил этиш;
ички автомобиль йўллари, пиёдалар йўлаклари, транспорт тўхташ бекатлари ва бошқа йўл инфратузилмасини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, йўлбўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;
қишлоқ ва сув хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш, ирригация тизимларини барпо этиш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, ариқларни тозалаш ва фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни фойдаланишга киритиш;
ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек, туризм объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилади.
2. Дастурларни 2021 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари доирасида туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашлари томонидан:
мазкур қарорнинг 1-банди “а” кичик бандида белгиланган мезонлар асосида ҳар бир туман ва шаҳардан қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган жами 397 та қишлоқ ва маҳалла танлаб олинганлиги;
йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишларининг манзилли дастурлари тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. 2021 йилда барча туман ва шаҳардаги жами 7 794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишни назарда тутувчи:
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш чора-тадбирларини молиялаштириш манбалари 1-иловага мувофиқ;
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ички йўллар, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими, электр энергияси ҳамда газ таъминоти объектларини қуриш ва таъмирлаш параметрлари 2, 2а–2н-иловаларга мувофиқ;
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ирригация, алоқа ва ахборотлаштириш тизимларини яхшилаш, спорт ва болалар майдончалари барпо этиш, қишлоқ ва маҳаллалар кўчаларини ободонлаштириш параметрлари 3, 3а–3н-иловаларга мувофиқ;
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ижтимоий соҳа объектлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари комплекслари, маҳалла гузарларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда уй-жой фондини яхшилаш параметрлари 4, 4а–4н-иловаларга мувофиқ;
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жамоат транспорти, маиший чиқиндилар билан ишлаш тизими ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш параметрлари 5, 5а–5н-иловаларга мувофиқ;
ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими объектларини қуриш ва таъмирлаш параметрлари 6, 6а–6н-иловаларга мувофиқ;
ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш параметрлари 7, 7а–7н-иловаларга мувофиқ;
паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш параметрлари 8, 8а–8н-иловаларга мувофиқ;
туризм инфратузилмасини ривожлантириш параметрлари 9, 9а–9н-иловаларга мувофиқ;
кичик саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш параметрлари 10-иловага мувофиқ;
туман марказлари ва шаҳарларнинг меъморий қиёфасини замонавийлаштириш ва ободонлаштириш параметрлари 11, 11а–11н-иловаларга мувофиқ;
ирригация объектларини қуриш ва таъмирлаш параметрлари 12, 12а–12н-иловаларга мувофиқ;
газ таъминоти тизимини яхшилаш параметрлари 13, 13а–13н-иловаларга мувофиқ;
алоқа ва ахборотлаштириш тизимини ривожлантириш параметрлари 14, 14а–14н-иловаларга мувофиқ;
ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш параметрлари 15, 15а–15н-иловаларга мувофиқ;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари комплекслари, маҳалла гузарлари ҳамда маданият марказларини қуриш ва таъмирлаш параметрлари 16, 16а–16н-иловаларга мувофиқ;
жамоат транспорти ва маиший чиқиндилар билан ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш параметрлари 17, 17а–17м-иловаларга мувофиқ;
қишлоқ ва маҳаллалар кўчаларини ободонлаштириш параметрлари 18, 18а–18м-иловаларга мувофиқ;
спорт ва болалар майдончалари барпо этиш параметрлари 19, 19а–19м-иловаларга мувофиқ;
уй-жой фондини яхшилаш параметрлари 20, 20а–20н-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Ариповга, зарур ҳолларда, Дастурлар параметрларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг таклифлари асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) Дастурлар доирасида:
ижтимоий соҳа, ичимлик суви таъминоти, оқова сув тизими ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаси объектлари учун ажратиладиган маблағлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармалари орқали молиялаштирилади;
электр энергияси, табиий газ ва телекоммуникация тармоқларини қуриш-таъмирлаш ишларини молиялаштириш тегишинча “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларига асосан, Дастурларга тасдиқланган лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ҳамда молиялаштириш манбалари мавжуд бўлган қўшимча лойиҳалар киритилиши ёки истиқболсиз лойиҳалар чиқариб ташланиши мумкин;
в) объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Дастурлар доирасида ажратилган маблағлар етишмаган тақдирда, ушбу объектларни қуриш-таъмирлаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан қопланади;
г) 2021 йил 1 ноябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар марказларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексларини Қурилиш вазирлиги томонидан маъқулланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ барпо этиш, шунингдек, тегишли инфратузилма қуриш учун зарур ер участкалари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри (танлов савдоларини ўтказмасдан) шартномалар асосида ҳақ ундирилмасдан ажратилиши мумкин.
5. Дастурлар доирасида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачилар этиб:
ичимлик суви таъминоти объектлари (ижтимоий шериклик лойиҳалари бундан мустасно) бўйича – “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” унитар корхонаси, соҳадаги ижтимоий шериклик лойиҳалари бўйича – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги;
ички автомобиль йўллари (Тошкент шаҳри кўчалари бундан мустасно) бўйича – Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси, Тошкент шаҳри кўчалари бўйича – Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси;
электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқлари бўйича – тегишинча “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, телекоммуникация операторлари ва провайдерлари ҳудудий филиаллари;
ижтимоий соҳа объектлари ва марказлашган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган бошқа объектлар бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари ҳамда вазирлик ва идоралар ҳузуридаги буюртмачи ташкилотлар белгилансин.
Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Дастурлар доирасида ички йўлларга қум-шағал аралашмасини ётқизиш билан боғлиқ ишларни бажариш тўғрисида тузиладиган шартномаларда 30 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади;
Дастурлар билан қамраб олинган ҳудудлардаги газ истеъмолчиларига электрон газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ҳамда ушбу истеъмолчиларни табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига улаш навбатсиз амалга оширилади.
6. Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов):
а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг талабномаларига мувофиқ:
Дастурлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари орқали “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан жами 1 триллион сўмгача маблағлар;
Дастурларда кўзда тутилган тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан жорий йил якунига қадар қайтариш шарти билан босқичма-босқич 1 триллион сўмгача бюджет ссудаси маблағлари ажратилишини таъминласин;
б) маҳаллий бюджетлар маблағлари, шунингдек, бошқа манбалар ҳисобидан қурилган ва давлат ихтиёрига топширилган ижтимоий соҳа объектларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни 2021 йилда – тегишли соҳага ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирсин, 2022 йилдан – Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларни назарда тутсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:
2021 йил 15 апрелга қадар қишлоқ ва маҳаллаларда йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишларининг манзилли дастурига мувофиқ объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини таъминласин. Бунда, буюртмачилар томонидан лойиҳа ташкилотларини энг яхши таклифларни танлаб олиш натижаларига кўра аниқлашга рухсат берилсин;
Дастурлар доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳажми ва смета қийматларининг асоссиз равишда ошириб юборилмаслиги устидан назорат ўрнатсин;
Дастурларга киритилган қишлоқлар ва шаҳар маҳаллаларининг бош режа схемалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳудудий лойиҳа ташкилотлари томонидан олдиндан ишлаб чиқилишини ва улар билан боғлиқ тадбирларнинг тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин;
жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, якка тартибдаги ва кўп квартирали уйларни, маҳалла бинолари ва гузарларини таъмирлаш, пиёда йўлакларини барпо этиш, тунги ёритиш ускуналарини ўрнатиш, шунингдек, бошқа инфратузилма объектларини қуриш ҳамда таъмирлаш ишларини молиялаштиришга аҳоли ва ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари, тижорат банклари кредитлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан маблағлар жалб қилиш чораларини кўрсин;
ҳар ой якуни билан “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси (А.Ж. Раматов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигига Дастурлар доирасида бажарилган ишлар ва молиялаштирилган маблағлар бўйича ахборот киритиб борсин.
8. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М. Бобоев), Молия вазирлиги (Қ.Х. Тапаров):
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Дастурлар доирасидаги лойиҳаларнинг ҳудудларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси ҳамда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган, шунингдек, хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳалар билан ўзаро боғлиқлигини таъминласин. Бунда, қишлоқ ва маҳаллаларнинг йўналишлари ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган 3 триллион сўмгача маблағ ҳудудлардаги инфратузилма лойиҳаларини қўшма молиялаштиришга йўналтирилсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил ва келгуси йиллар учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини тегишли йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури билан бир вақтда ва уйғунлашган ҳолда шакллантирсин ҳамда уларни молиялаштириш учун Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларни назарда тутсин.
Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 20 апрелга қадар тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларига асосан келгуси йил учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритиладиган қишлоқ ва маҳаллалар рўйхатини, шунингдек, уларда амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишларининг манзилли дастурларини Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига киритиш чораларини кўрсин.
9. Энергетика вазирлиги (А.С. Султонов) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А. Вафаев) билан биргаликда уч ой муддатда паст ва ўрта кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш дастурини амалга ошириш учун хорижий кредит маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
10. Транспорт вазирлиги (И.Р. Маҳкамов), Автомобиль йўллари қўмитаси (А.А. Абдувалиев) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А.Ҳ. Қўлдошев), Давлат геология қўмитаси (Б.Ф. Исламов), Давлат экология қўмитаси (А.И. Максудов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда йўл қурилиши билан боғлиқ харажатларни мақбуллаштириш, шу жумладан, Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги корхоналарни арзон қум-шағал хом ашёси билан таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
11. Адлия вазирлиги (Р.Қ. Давлетов) икки ҳафта муддатда Дастурлар доирасида танлаб олинган қишлоқ ва маҳаллаларда давлат хизматлари марказлари филиалларини ташкил этиш бўйича манзилли дастурни тасдиқласин.
12. Қурилиш вазирлиги (Б.И. Закиров) Дастурлар доирасида объектларни қуриш- аъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишлари сифатли бажарилиши устидан тизимли давлат назорати амалга оширилишини таъминласин.
13. “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси (А.Ж. Раматов) мунтазам равишда ҳудудларга чиқиб, Дастурлар ижросини таҳлил қилсин ва ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
14. Бош прокуратура (А.Ю. Мавлонов), Ҳисоб палатаси (Б.Т. Турабов) йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишларини молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан доимий назорат ўрнатсин ва ҳар ой якуни бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари А.Ж. Раматов, Ж.А. Қўчқоров, Бош прокурор Н.Т. Йўлдошев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар ой якуни бўйича ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024