Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 

Мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, жойларда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида, шунингдек, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ:

1. Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда – Республика кенгаши) 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш;

хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш;

ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш;

турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларни чуқур таҳлил қилиш, илғор тажрибалар асосида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

хотин-қизларнинг оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда уларнинг фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш чораларини кўриш;

ҳудудий хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллалардаги “Аёллар маслаҳат кенгашлари” фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, уларга услубий-амалий кўмаклашиш;

“Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.

2. Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси (Қ.М.Рафиков) жойларга чиққан ҳолда қуйидаги йўналишларда ишларни ҳар бир хонадон ва маҳалла кесимида ташкил этиши белгилаб қўйилсин:

хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини уйма-уй юриш орқали ўрганиш ишларини ташкил этиш, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва уларнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарларининг аёллар билан ишлаш борасидаги фаолиятини самарали ташкил қилиш;

«Аёллар дафтари»ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ҳамда зўравонликка учраган аёллар муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича масъул идора ва раҳбарларнинг натижага йўналтирилган фаолиятини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш;

сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан жойлардаги хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, амалга ошириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳар ойда ҳисобот беришни йўлга қўйиш;

муҳтож хотин-қизларни санаториялар, даволаш-профилактика муассасаларида соғлигини тиклаш, ички туризм учун яратилган имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда саёҳат ва дам олишларини ташкиллаштириш;

юқоридаги масалалар юзасидан мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан марказий ва маҳаллий телевидениеда кўрсатувлар ва чиқишларни ташкиллаштириш.

3. Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) сифатида қайта ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш;

хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, аёллар спортини ривожлантириш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш;

хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларига ресурс маблағларини белгиланган тартибда жойлаштириш;

хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш.

Белгилаб қўйилсинки, Республика кенгаши (Т.К.Нарбаева, Қ.М.Рафиков) Жамғарма маблағлари харажатлари параметрларини тасдиқлайди, маблағлардан тўғри ва самарали фойдаланиш бўйича доимий мониторинг ўрнатади.

4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Республика кенгашининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳар йили 300 миллиард сўмгача бўлган миқдорда ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланадиган Давлат бюджети маблағлари;

Жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5.Белгилансинки:

а) Жамғарма ҳар йили АТ “Халқ банки”га 100 миллиард сўм миқдоридаги маблағларни 2021 йилда Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада, 2022 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг асосий ставкасида йўналтиради;

б) қуйидаги дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга мазкур маблағлар ҳисобидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилгача муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача бўлган миқдорда кредитлар ажратилади:

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар асосида ташкил этилган ўқув курсларини;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллалардаги касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ҳамда Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ёки нодавлат таълим муассасаларининг касбга ўргатиш ўқув курсларининг махсус ўқитиш дастурларини;

в) ажратиладиган кредитлар, истисно тариқасида, 2022 йил 1 январга қадар Марказий банкнинг асосий ставкаси доирасида, 2022 йил 1 январдан тижорат банки томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда белгиланадиган ставкаларда берилади. Бунда, тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда белгиланадиган ставкаларда бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш механизми қўлланилади;

г) Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси орқали Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармасига ва “Маҳалла ва оила” институтига Давлат бюджетидан ажратиб келинган маблағлар 2021 йилдан бошлаб Молия вазирлиги томонидан тўғридан-тўғри “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармасига ва “Маҳалла ва оила” институтига ажратилади.

6.Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов):

а) 2021 йилда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида, уларга ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадални тўлаб бериш ва ижтимоий уй-жойлар сотиб олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига:

нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй-жой билан таъминлашга – 10 миллиард сўмдан;

отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга – 5 миллиард сўмдан маблағ ажратсин;

б) бир ҳафта муддатда аёллар муаммоларини тизимли ва манзилли равишда ўрганиш ва ҳал этиш доирасида шакллантирилган махсус жарроҳлик амалиётлари ўтказиш орқали даволанишга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар рўйхатидаги ҳамда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган хотин-қизларнинг даволаниши учун Жамғармага 30 миллиард сўм йўналтирсин.

Белгилансинки, мазкур бандда кўзда тутилган чора-тадбирларни молиялаштиришга Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш харажатлари учун ажратилган маблағлар ҳисобидан жами 240 миллиард сўм йўналтирилади.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари:

2021 йилда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун 80 миллиард сўм, шунингдек, нотурар жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга турар жой ижараси компенсациясини тўлаш учун 11 миллиард сўм;

ҳар чоракда маҳаллий бюджет прогнозининг ортиқча бажарилган қисмининг камида 15 фоизини “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирсин.

Бош прокуратура (Н.Т.Йўлдошев) 2021 йилда мажбурий ундирувлар ҳисобидан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаларига 150 миллиард сўм маблағ йўналтирилишини таъминласин.

8. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Г.М.Маруфова) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда 2021 йил 1 майга қадар мазкур қарорнинг 6–7-бандларида назарда тутилган маблағлар йўналтириладиган хотин-қизлар рўйхатини шакллантириб, тўловларни амалга оширишни бошласин.

Республика кенгаши (Т.К.Нарбаева, Қ.М.Рафиков) ушбу маблағларнинг ўз вақтида ажратилиши ва манзилли ишлатилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин ҳамда масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб борсин.

9. Республика “Ҳунарманд” уюшмаси (У.Т.Абдуллаев) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Г.М.Маруфова), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б.Хусанов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда хотин-қизларни ҳунармандчиликка жалб этиш чора-тадбирларини амалга оширсин. Бунда:

2021 йил мобайнида ҳар бир ҳудудда асосан хотин-қизлар фаолият юритадиган ҳунармандчилик турларига ихтисослашган кластерлар фаолияти тажриба сифатида жорий этилади;

ушбу кластерлар ҳунармандчилик маҳсулотлари учун хом ашё етиштириш, уни қайта ишлаш ва сотиш фаолиятини қамраб олади, шунингдек, кластерлар устав капиталининг 50 фоизи тенг улушларда Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, қолган 50 фоизи ҳунармандларнинг ўз маблағи ҳисобидан шакллантирилади.

10.Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б.Хусанов), Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Г.М.Маруфова), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни самарали юритиш, ишсиз фуқароларга бандлик соҳасида тизимли ёрдам кўрсатиш ҳамда “маҳаллабай’’ тизим асосида ишларни ташкил қилиш мақсадида ҳар бир маҳаллада меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи”ларни жалб этиш;

“жамоатчи ёрдамчи”лар билан 11 ой муддатгача жамоат шартномалари тузиш ҳамда уларнинг иш ҳақини меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир ярим баравари миқдорида белгилаш;

“жамоатчи ёрдамчи”ларнинг иш ҳақини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан молиялаштириш.

11. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б.Хусанов) бир ой муддатда:

ўз тасарруфига ўтаётган касб-ҳунар таълим муассасаларининг бўш турган қисмини тадбиркорлик субъектларига ўқув хонаси ва ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли ижарага бериш тартибини;

хотин-қизлар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг 3 ой мобайнида уларга берилган бўш турган биноларнинг ижара тўловларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача бўлган миқдорда тўлаб бериш, шунингдек, бўш турган биноларни 1 йилгача бўлган муддатда имтиёзли равишда ижарага бериш тартибини жорий этсин.

12. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Г.М.Маруфова) бир ой муддатда:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда хотин-қизларни касбга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида грантларни эълон қилсин;

Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмаларини аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида киритилган даъво аризалари бўйича давлат божидан озод қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Бош прокуратура (С.Б.Ортиқова), Адлия вазирлиги (Р.К.Давлетов), Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил якунига қадар Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш чораларини кўрсин. Бунда:

бир ой муддатда барча ҳудудларда зўравонликка учраган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш бўйича биттадан намунавий марказлар ташкил қилинсин;

ушбу намунавий марказлар фаолиятини йўлга қўйиш учун Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан жами 10 миллиард сўм ҳамда маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларидан маблағлар йўналтирилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 июндаги ПҚ–4749-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ–6155-сон Фармонига мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилганлиги, шунингдек, эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони икки бараварга ошириш орқали икки мингтага етказилиши маълумот учун қабул қилинсин.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома беришда “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг қиз фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратсин.

15. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилсин. Бунда, ўқиш учун тўлов пуллари:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 100 нафардан хотин-қизлар учун ҳар йили маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан;

молиявий барқарор давлат олий таълим муассасалари томонидан уларнинг Кенгаши қарорига асосан 50 нафаргача хотин-қизлар учун давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

16. Мактабгача таълим вазирлиги (А.В.Шин):

а) бир ой муддатда Молия вазирлиги билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин:

ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли рўйхатга киритиш орқали қабул қилиш;

боқувчисини йўқотган аёлларга фарзандини мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларига бериш харажатларини бюджетдан қоплаш;

б) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

икки ой муддатда боланинг илк ривожланишига хизмат қиладиган мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш мақсадида маҳаллаларда бўш турган ва фойдаланилмаётган бинолар (хоналар)ни хатловдан ўтказсин;

икки ой муддатда мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган маҳаллаларда мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар рўйхатини шакллантирсин;

2021 йил якунига қадар мактабгача таълимга эҳтиёж мавжуд бўлган маҳаллаларда, шу жумладан қишлоқ жойларида мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини ташкил қилиш ва уларни зарур моддий-техника воситалари билан таъминлаш чораларини кўрсин.

17. “Эл-юрт умиди” жамғармаси (А.Ш.Бекмуродов) Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда бакалавриат босқичини муваффақиятли тамомлаб, хорижий мамлакатларнинг нуфузли таълим, илмий ёки бошқа муассасаларига “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендиялари асосида ўқишга юбориладиган стипендиатлар орасида хотин-қизлар улушини камида 20 фоизга кўпайтирсин.

18. Олий Мажлис палаталари бир ой муддатда хотин-қизларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларни давлат ва жамият олдидаги фидокорона хизматлари, мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий салоҳиятини оширишга қўшган ҳиссаси, иродаси, илмий ва амалий соҳалардаги эришган ютуқлари учун уларни рағбатлантиришни назарда тутувчи давлат мукофотларини таъсис этиш масаласини кўриб чиқсин.

19. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўз сессияларида мутасадди давлат органлари раҳбарларининг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборотини эшитиб борсин.

20. Қуйидагилар:

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Ижро этувчи дирекцияси тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Жамғарма Республика кенгашининг ишчи органлари ҳисобланиши белгилаб қўйилсин.

21. Республика кенгаши (Т.К.Нарбаева, Қ.М.Рафиков) бир ой муддатда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида замонавий ижтимоий ва сиёсий фаол хотин-қизларнинг миллий имижини кенг тарғиб қилиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқсин ҳамда унинг ижросини таъминласин.

22. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Г.М.Маруфова) икки ой муддатда ёшларга ҳар томонлама ўрнак бўлаётган аёлларимизни жалб қилган ҳолда, хотин-қизлар учун “Иффатли аёл” телекўрсатуви намойишини йўлга қўйсин.

23.Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хотин-қизларга мотивация бериш мақсадида фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар билан доимий равишда учрашувлар ташкил этиб борсин.

24. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

25. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июль ва 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш.МИРЗИЁЕВ

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси