Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
 

Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилди.

Хусусан, охирги тўрт йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 1 270 дан ортиқ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан 117 миллиард сўм миқдордаги маблағлар ажратилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Бунинг натижасида 20 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукуматнинг қарорлари қабул қилинди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари манфаатларини ифода этиш, давлат билан улар ўртасидаги кўприк вазифасини бажаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ташкил қилинди, шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситаларини жорий этиш мақсадида давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди.

Мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишга муносиб ҳисса қўшган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини рағбатлантириш мақсадида “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилди ҳамда соҳанинг 126 нафар фаоллари ушбу юксак мукофот билан тақдирланди.

Кўрилаётган чоралар натижасида сўнгги тўрт йилда фуқаролик жамиятининг энг асосий институти ҳисобланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 20,7 фоизга ошди, шу жумладан, 187 та йирик республика нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини бошлади.

Шу билан бирга, ушбу ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг яқин ва ўрта муддатли истиқболларини белгилаб олиш зарур.

Фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” ва “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида:

1. 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар Концепциянинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириш;

фуқаролик жамияти институтларига кўмак бериш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш;

давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш;

фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш.

3. Қуйидагилар:

2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2021 йилда амалга ошириш “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ;

2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – Мақсадли кўрсаткичлар) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки:

а) Концепция ҳар икки йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан алоҳида тасдиқланадиган “Йўл харитаси” орқали босқичма-босқич амалга ошириб борилади;

б) Мақсадли кўрсаткичлар қуйидагиларни назарда тутади:

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 бараварга, 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига 2021 йилда 16 миллиард сўм, 2025 йилда 70 миллиард сўм маблағлар ажратиш;

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзолари сонини жами фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонига нисбатан 2021 йилда 10 фоизга, 2025 йилда 30 фоизга етказиш;

ҳар бир давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятида фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг сонини (жами жамоатчилик кенгашлари таркибларига киритилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг сонига нисбатан) 2021 йилда 5 фоизга, 2025 йилда 25 фоизга етказиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларнинг умумий сонини 2021 йилда 1 000 тага, 2025 йилда 5 000 тага етказилишини таъминлаш;

мамлакатимизда эълон қилинадиган йилга оид давлат дастурида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини 2021 йилда 30 тага, 2025 йилдаги давлат дастурида – 50 тага етказиш;

амалдаги жараёнларни соддалаштириш ва профилактик чора-тадбирларни кучайтириш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликларни (жами 2020 йилда содир қилинган ҳуқуқбузарликлар сонига нисбатан) 2021 йилда 3,8 фоизга, 2025 йилда 19,2 фоизга камайтириш;

2021 йилда 50 та, 2025 йилда 250 та нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади ва унга кўра ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилади;

Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси (кейинги ўринларда – Жамоатчилик палатаси), Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантирилади ва индекс натижалари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;

Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индексини ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалиётга жорий қилиш адлия органларига юклатилади.

Адлия вазирлиги (М.Икрамов) Жамоатчилик палатаси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (Н.Алимов) билан биргаликда икки ой муддатда Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индексини шакллантириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

6. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти (кейинги ўринларда – доимий вакил) жорий этилсин.

Доимий вакилнинг асосий вазифалари этиб қонун лойиҳалари ва қуйи палатанинг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича муҳокамалар ва йиғилишларда ижтимоий шериклик, таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш ва уларни амалиётга тўғри қўллаш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода қилиш белгилансин.

Белгилансинки, доимий вакил фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари орасидан Жамоатчилик палатаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

7. Белгилансинки:

давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари (кейинги ўринларда – жамоатчилик кенгашлари) таркибининг камида 50 фоизини нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ташкил этади;

жамоатчилик кенгашларининг таркиби Жамоатчилик палатаси билан келишилгандан сўнг давлат органи раҳбарининг қарори билан ҳар 2 йилда тасдиқланади;

жамоатчилик кенгашларининг умумий аъзолари сони 15 нафардан кам бўлмаслиги зарур;

давлат органларининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими (ёки ахборот хизмати) жамоатчилик кенгашларининг ишчи органи ҳисобланади, улар фаолиятини ташкилий-услубий ва ахборот жиҳатдан таъминлайди.

8. Ҳомийлик маблағларини марказлаштирилган ҳолда тўплаш ва тарқатиш, уларнинг мақсадли ҳамда манзилли йўналтирилишини мониторинг қилиш, ушбу жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш ва ошкоралигини таъминлаш, шунингдек, хайрия этувчи ўз маблағининг ишлатилишини кузатиб бориш имконини берувчи “Шаффоф хайрия” ягона интерактив портали 2021 йил 1 майдан бошлаб ишга туширилсин.

9. Белгилансинки, “Шаффоф хайрия” ягона интерактив порталини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бош вазир маслаҳатчиси – Вазирлар Маҳкамасининг IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М.Умаров ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.А.Пекось “Шаффоф хайрия” ягона интерактив порталини ўз вақтида ишга тушириш, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими билан интеграциялаш, зарур бўлганда, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш юзасидан шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.

10. 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Сариев), Андижон (Ш.Абдурахмонов), Қашқадарё (З.Мирзаев), Наманган (Ш.Абдуразаков), Сурхондарё (Т.Боболов), Тошкент (Д.Хидоятов), Фарғона (Х.Бозаров) вилоятлари ва Тошкент шаҳар (Ж.Артикходжаев) ҳокимликлари:

Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни фойдаланишга топширсин, шунингдек, уларни зарур офис анжомлари, мебель, буюмлар, техника ва бошқа воситалар билан таъминласин;

мазкур биноларга янги ташкил этилган, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига нодавлат нотижорат ташкилотлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида туман (шаҳар)ларда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этиш тавсия қилинсин.

11. Маълумот учун қабул қилинсинки, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар масъул ходимларидан иборат бўлган ишчи гуруҳлари барча ҳудудларда бўлиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш, давлат органлари билан бирга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, бандлик, ижтимоий хизматлар, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги каби соҳаларда жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган “Йўл харита”лари ишлаб чиқилган.

Бош вазир ўринбосари Б.А.Мусаев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда ушбу ҳудудларда 2021 йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар билан жойлардаги долзарб муаммоларнинг ечимини топиш бўйича ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган “Йўл харита”ларини тасдиқласин, шунингдек, уларнинг тўлиқ ва сифатли ижро этилиши юзасидан доимий мониторинг ўрнатсин.

12. Олий Мажлис палаталарига Жамоатчилик палатаси, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона вертикал тизимини жорий қилиш тавсия этилсин. Бунда, шу жумладан қуйидагилар назарда тутилсин:

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш;

давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартибини соддалаштириш;

ажратилаётган маблағларни устувор равишда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, бандлик, ижтимоий хизматлар, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги каби соҳаларда муаммоларни ҳал этиш учун ижтимоий буюртмаларга йўналтириш;

мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш.

13. Жамоатчилик палатаси:

а) Адлия вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда Жаҳон хайрия индекси (The World Giving Index) бўйича Ўзбекистоннинг дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминласин;

б) Адлия вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда:

фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат органларига борган ҳолда жамоатчилик назоратини ўтказиш амалиётининг тартибини ишлаб чиқсин ҳамда жорий этсин;

жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

14. Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) Миллий телерадиокомпания (А.Хаджаев), Халқаро пресс-клуб (Ш.Кудратходжаев), Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (Ф.Абдухаликов) билан ҳамкорликда ушбу фармоннинг мақсад ҳамда вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва мавзуга оид кўрсатувларни ташкил этсин.

15. Мазкур фармоннинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Б.А.Мусаев, адлия вазири Р.Қ.Давлетов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июль ва 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси