Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ФАРМОЙИШИ

“Наврўз” умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, ҳудудларнинг эпидемиологик осойишталигини сақлаш, соғлом турмуш тарзи ва санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилган ҳолда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида:

  1. Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик вакилларининг 2021-йил 13-март куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Обод ва кўркам маҳаллам” ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
  2. 2021-йил 13-март куни “Обод ва кўркам маҳаллам” ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини (кейинги ўринларда — умумхалқ ҳашари) ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  3. Ишчи гуруҳ (А. Раматов), Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари умумхалқ ҳашарини ўтказиш доирасида қуйидаги тадбирларни амалга оширишни назарда тутсинлар:

маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш;

“Маҳалламга 30 туп дарахт менинг туҳфам” шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, дарахтларни оқлаш ва буташ;

ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш;

жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ўтказилиши жараёнида тўпланган чиқиндиларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа мутасадди идоралар томонидан алоҳида белгиланган жойларга олиб чиқилишини таъминлаш;

ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш қатнашчиларини зарур техника воситалари ва анжомлар билан таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018-йил 10-майдаги 349-сон қарорига мувофиқ умумхалқ ҳашарини тегишли ташкилотлар ҳудудига меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказиш;

умумхалқ ҳашари доирасида бўлмаган бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишларини амалга ошириш;

автомобил йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув обектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш обектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланганлигини қатъий назоратга олиш;

ушбу тарғибот-ташвиқот тадбирларида жойларда иш берувчилар томонидан ҳашарда кўзда тутилган ишлар учун ишчиларни мажбурий тарзда жалб этишга мутлақо йўл қўймаслик, шундай ҳолатларга йўл қўйган мутасаддиларга жазо чораларини қўллаш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Академик Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғи, Академик М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда белгиланган миқдордаги кўчатлар ҳамда қаламчаларни олиш истагини билдирган республика бўйича ҳудудлардаги барча хўжалик бирлашмалари ва ташкилотларга шартнома асосида ва қонунчиликда белгиланган тартибда пул ўтказиш йўли билан ташкилотларнинг ушбу тадбирлар учун назарда тутилган маблағлари ҳисобидан етказиб берилишини таъминласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига “Обод ва кўркам маҳаллам” ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тадбирига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, шунингдек, республиканинг барча аҳолиси, айниқса, ёшларни жалб этишда ихтиёрийлик таъминлансин.
  3. Умумхалқ ҳашарини ўтказиш муносабати билан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ихтиёрий маблағлари Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг республика бошқаруви ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлими, туман ва шаҳар бўлинмалари бошқарувларининг банкдаги ҳисобварақларига ўз ташаббусига кўра ўтказилиши тавсия этилсин.
  4. Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди умумхалқ ҳашаридан тушган маблағларнинг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз қарияларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, “Нуроний” жамғармаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тегишли йўналишлар бўйича харажатларини қоплаш ва ходимларини бир марта моддий рағбатлантириш, ички туризм ҳамда аҳолига қўшимча иш ўринларини яратиш бўйича тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш каби тадбирларга сарфланишини назарда тутсин.
  5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги умумхалқ ҳашари кунлари санитария-эпидемиологик талабларга риоя этган ҳолда, жамоат тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрсин ҳамда техник жиҳатдан соз бўлган техника воситаларидан фойдаланишни назоратга олсин.
  6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига умумхалқ ҳашарини кенг ёритиш тавсия этилсин.
  7. Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021-йил 10-март,

96-Ф-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 10-мартдаги 96-Ф-сон фармойишига
ИЛОВА

2021-йил 13-март куни “Обод ва кўркам маҳаллам” ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ

ТАРКИБИ

1.

А.Ж. Раматов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари

2.

Лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари

3.

Р.Т. Маматов

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари

4.

А.М. Хаджибаев

соғлиқни сақлаш вазири

5.

Б.Қ. Юсупалиев

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи

6.

Ш.С. Хидоятов

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири

7.

О.Р. Исаков

молия вазири ўринбосари

8.

А.И. Икрамов

ички ишлар вазири ўринбосари

9.

С. Турдиев

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси раиси

10.

С.Ғ. Ашуров

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари

11.

Б.Х. Махмадалиев

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федератсияси раиси ўринбосари

12.

Д.А. Усманов

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси