Коррупция интернационал жиноят бўлиб, ҳар бир мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун улкан таҳдид, жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емирувчи жиноий-иллатдир. Халқнинг давлат бошқарув идораларига ишончини сўндирадиган, азалий эзгу мақсадлар билан йўғрилган ислоҳотлар ғоясини обрўсизлантирувчи, қолаверса жамият ва давлат ўртасидаги узвий алоқани буткул узиб қўювчи қора кучдир.
Давлатимиз томонидан Коррупцияга қарши кураш бўйича кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. 2008 йилда БМТнинг 2003 йил 13 октябрдаги «Коррупцияга қарши» Конвенциясини ратификация қилиниши ва ушбу конвенцияга Ўзбекистон Республикаси қўшилиши тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши катта аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида Коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилдик. Бундан ташқари, сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга қаратилган Бюджет ва Божхона кодекслари (янги таҳрирда), «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Буларнинг бари том маънода давлатимиз тинчлигини ва халқ фаровонлигининг ҳуқуқий гаровидир.
2017 йил 4 январь куни Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун кенг жамоатчилик томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Сабаби, бундан олдин айнан Коррупция ва унга қарши кураш соҳасидаги амалий чора-тадбирлар мазмун-моҳиятини тубдан ёритиб берувчи ва давлат органларининг умумий ҳолатда вазифа ва мажбуриятларини узвий ҳолатда белгиловчи норматив-хуқуқий ҳужжат мавжуд эмас эди. Қонун ижтимоий-адолат руҳида тузилган бўлиб, ислоҳотлар самарадорлиги ва натижадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни ўрганиб, халқаро амалиёт билан таққослаш ва уни одамларимиз, айниқса, жойлардаги тадбиркорлар, жамоатчилик ташкилотлари билан кенг муҳокама қилиш асосида ишлаб чиқилди. Шунингдек, жамиятда коррупцияга қарши кураш бўйича барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ҳокимияти органлари қолаверса ҳар бир фуқаро масъул эканлигини чуқур изоҳлайди.
Аҳамиятли томони, Қонун барча давлат органлари ва жамоат бирлашмалари ўзаро баҳамжиҳатликда фаолият юритиши лозимлигини, шахсларни бирлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг давлат идоралари билан биргаликда иш олиб бориши ва ҳуқуқий тарғибот самарадорлигини кучайтиришни тақазо этмоқда. Чунки фақат кучли фуқаролик жамияти барпо қилиб ва астойдил курашибгина коррупциянинг олдини олишга эришишимиз мумкинлиги яна бир карра эслатилди.
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Қонунда алоҳида боб билан белгиланди ва мазкур иллатга қарши курашиш соҳасида фақат айрим давлат идоралари эмас, балки ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши лозимлиги ва ўзини бу борада масъул эканини ҳис этиб ҳаракат қилиши даркорлиги кўзда тутилди. Бинобарин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши тартибга солинган. Унга кўра, ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда қатнашади. Шунингдек, улар бу борада жамоатчилик назоратини амалга ошириши, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиши ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Коррупция муаммосига қарши курашишда ҳуқуқий саводхонлик, одамларни ҳалол меҳнат қилишга ундаш, ёшларда ўз билими, куч-ғайрати ва ижодий қобилияти билан юксак марраларга эришиш ҳиссини тарбиялаш, барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларида, фуқароларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик маданиятини шакллантиришнинг аҳамияти жуда катта. Шу жиҳатдан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратади, жамиятдаги сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий тизим салоҳиятини юксалтириб, энг муҳими, халқимизнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Туман статистика бўлими бошлиғи Ш.Аллаяров
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024