Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда хусусий сектор ривожининг аҳамияти катта. Шу боис юртимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш уларнинг эркин фаолият юритишларини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
“Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи”! Давлат солиқ органларида мазкур тамойил асосида ишларнинг йўлга қўйилиши, тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиш, муаммоларини ўрганиш ва уларга биргаликда ечим топиш имконини бермоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туманимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг турли мазмундаги 1898 та муаммолари ўрганилиб, улардан 320 таси бевосита солиқ органлари ходимлари кўмагида ҳал этилиб дастлабки бухгалтериясини юритишда амалий ёрдам кўрсатилди. Шунинг билан бирга фаолиятини тўхтатган 27 нафар тадбиркорлик субьектларининг фаолиятларини қайта тиклашга эришилди.
Ишбилармонлар сафининг кенгайишида берилаётган солиқ имтиёзлари ва енгилликлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
2022 йилнинг ўтган даври мобайнида туманимиздаги 231 та хўжалик юритувчи субъектларга 3510.5 млн.сўмлик имтиёз ва переференциялар қўлланилиши натижасида 3510.5 млн. сўм маблағлар хўжалик юритувчи субьектлар ихтиёрида қолдирилиб, ушбу корхоналарнинг фаолиятини кенгайтиришга жалб этилди.
Жумладан: Қумқўрғон туманида рўйхатдан ўтган “Дўстлик Обод Файз” хусусий корхонасига Ўзбекистон Республикаси амалдаги солиқ кодексининг 483-моддаси 9-қисми (“Гўшт(мол, қўй, товуқ), тирик хайвонлар(қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш”) га асосан 299.0 млн.сўм солиқ имтиёзлари қўлланилган.
Шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ айрим тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида ўрнатилиши натижасида туманимиздаги 133 та корхоналарнинг ихтиёрида жами 155.5 млн. сўм маблағ қоладиган бўлди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, “Автокамерал” дастурий маҳсули орқали туман миқёсидаги 252 та хўжалик юритувчи субъектнинг солиқ ҳисоботларида хато ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан текширувдан олдинги таҳлил асосида хабарномалар юборилди.
Шундан 252 нафар тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл қўйилган 667.2 млн. сўм миқдордаги солиқ ҳисоботларидаги камчиликлар ўз вақтида тўлиқ бартараф этилди. Натижада текшириш давомида қўлланилиши лозим бўлган 133.4 млн.сўм молиявий жарималар қўлланилмасдан, тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолди.
Шунингдек ўтган 3 ой мобайнида хўжалик юритувчи субъектларнинг ортиқча тўловлар ҳисобидан солиқ қарздорлигига сингдириш имкони бўлган 372 та ҳолатда жами 1763 млн.сўмлик ҳулосалар туман ғазначилик бўлимларига юборилди. Бундан ташқари, ортиқча тўланган ҳамда ундирилган суммаларни ҳисоб рақамига қайтариш борасида 75 та ҳолатда жами 360 млн. сўмлик ҳулосалар туман ғазначилик бўлимларига юборилди.
Энг муҳими, туманимиз солиқ тўловчилар томонидан 3 чорак давомида 19617.6 миллион сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 247.6 миллион сўм ортиғи билан бажарилди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 15176.9 миллион сўми, яъни 89,9 фоизи юридик шахслар, 4440.7 миллион сўми ёки 22.6 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, жорий йил учун туманмиздаги жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк объектларига 24.2 млрд сўм солиқ ҳисобланган бўлиб, бугунги кунга қадар 13.2 млрд сўми солиқ тўловчилар томонидан тўлаб берилди.
Солиқлар давлат ғазнасининг асосий манбаидир. Юртимиз истиқболи, ватандошларимизнинг фаровон турмуши, мудофаа қудрати, таълим ва тиббиёт тараққиёти бевосита сизу биз тўлаётган солиқларга боғлиқдир. Шу боис солиқларни тўлаб, эзгу ва хайрли ишларга ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Зафар Турсунов,
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024