Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Давлат солиқ инспексияси бошлиғи Зафар Турсуновнинг май ойи якуни бўйича ҳисоботи

Иқтисодий барқарорликка эришишда хусусий мулк устуворлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш устувор вазифалардан саналади. Айни шу мақсадда юртимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва эркин фаолият юритишларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, давлат солиқ хизмати органлари “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида фаолият юритмоқда.

Хусусан жорий йилнинг май ойида туманимизда фаолият юритаётган 1 924 нафар тадбиркорлик субектининг 42 та муаммолари ўрганилиб, имтиёзли кредит олиш, дастлабки бухгалтериясини юритиш, ҳисоботларни тўлдириш ва топшириш каби 63 дан ортиқ масалалар бевосита солиқ органлари ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Бундан ташқари, фаолиятини тўхтатган 19 нафар тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилиб, фаолиятларини қайта тиклашга эришилди.

Тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини яратиш, ноқонуний тарзда савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишнинг олдини олиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан назорат тадбирлари ўтказилиб, 4 нафар фуқаролар ҳеч қандай ҳужжатларсиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Мазкур фуқаролар ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида улардан 38 нафари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиб, қонуний тартибда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйдилар.

Хўжалик юритувчи субектлар билан ўтказилган бевосита мулоқотлар ва кенг кўламли тушунтириш ишлари пировардида 184 та корхонадаги 305 нафар норасмий ишловчи фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2022-йил 31-март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида йил якунига қадар Россия, Украина ва Белорус давлатлари билан ишлаётган ташқи савдо қатнашчиларига дебитор қарздорлиги учун жарималар қўлламаслик вазифаси белгиланган. Шунга асосан туманимизда Россия, Украина ва Белорус давлатлари билан тузилган ташқи савдо шартномалари бўйича йўл қўйилган муддати ўтган дебитор қарздорликлари мавжуд эмас.

Жорий йилнинг май ойи давомида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Қумқўрғон туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 29 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 18 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди ва ўз тасдиғини топмаган 5 та мурожаатни кўриб чиқиш рад этилди.

Энг муҳими, солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро этишида ёрдам бериш ҳамда “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида чора қўллашдан олдин бартараф этишга имконият яратиш талабидан келиб чиқиб, жорий йил 1-июндан бошлаб, “Солиқ ҳамкор” орқали мурожаат йўллаш ва мурожаатга асосан солиқ ҳуқуқбузарликларини содир этган тадбиркорлик субектига нисбатан чора кўриш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан мулкчилик шаклидан қатъий назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилиб, унга нисбатан молиявий жазо чоралари кўрилмайдиган бўлди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, барча тадбиркорлик субектлари юртимизда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган кенг имкониятлар ва енгилликлардан унумли фойдаланишлари ва бунга жавобан, ҳалолликни мезон қилиб, қонуний тартибда фаолият юритишлари лозим.

Зеро, солиқ хизмати - инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори!

Зафар Турсунов,

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани давлат солиқ инспексияси бошлиғи

 

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
44 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси