Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
Байроғимиз – ғуруримиз, фахримиз.

Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Бу йил мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигига 33 йил тўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991-йил 18-ноябрдаги навбатдан ташқари ВИИ сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Бугун байроғимиз халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида мустақил ватанимизни ифодаламоқда.

Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлигини англатади. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир. Навқирон ярим ой ва юлдузлар - тарихий қадриятларимиз, умрбоқий анъаналаримиз, маънавий куч-қудратимиз билан боғлиқ. Ҳилол қўлга киритилган мустақиллик, озодликни ифодалайди.

Давлатимиз байроғи – ўтмиш, бугун ва келажагимизнинг ёрқин тимсоли. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган буюк ватандошимиз, йирик тасаввуф олими, халқ қаҳрамони ва оташнафас шоир Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

Зеро, Қонунда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шахслар байроғимизни ҳурмат қилишлари шарт. Зеро, унда руҳиятимиз, ғурур ва ифтихоримиз, Ватанимиз ва халқимизга боўлган чексиз меҳр-муҳаббатимиз, келажакка ишончимиз мужассамдир.

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судяси                            Т.Усмонов

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судя ёрдамчиси             И.Поёнов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
42 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси