Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
Спорт соҳасида коррупсиянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига киритилган ўзгаришлар.

Жамиятда демократик қадриятлар қарор топаётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳукуматга нисбатан норозилик туғилишига сабаб бўлади. Бу ўз навбатида мамлакатда коррупсиянинг ривожланиши ҳамда давлатнинг таназзулига олиб келади.

Ҳар бир жамиятда мавжуд бўлган бу каби иллатлар билан аёвсиз курашиш борасида мамлакатимизда ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг "Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида коррупсияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда 2017 йил 2 февралдаги ПҚ–2752-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сонли қарори коррупсияга қарши курашиш соҳасида муҳим қадам бўлди.

Шунингдек, кейинги йилларда мамлакатимизда спортни оммалаштириш, спорт турларини янада ривожлантириш ва спорт инфратузилмасини модернизатсия қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга ҳозирги вақтда мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларига спортдаги коррупсиянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган янги нормаларни киритиш зарурияти ҳам юзага келди.

Ушбу зарурат юзасидан 2024 йил 4 ноябрда “Спорт соҳасида коррупсиянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олганлиги ёки мулкий манфаатдор бўлганлиги, шунингдек спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 214-моддасида белгиланган давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши жиноятидан алоҳида спорт соҳасида коррупсиянинг олдини олиш мақсадида иккита модда — Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши(2141-модда) ҳамда Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш(2142-модда) моддалари қўшилди.

Спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчининг, тренернинг, спорт ҳакамининг ёхуд спорт мусобақалари бошқа иштирокчиларининг ва ташкилотчиларининг улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши, Жиноят кодексининг 210 ва 214-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран;

б) кўп миқдорда;

в) тамагирлик йўли билан;

г) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) жуда кўп миқдорда;

б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш(2142-модда).

Спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчига, тренерга, спорт ҳакамига ёхуд спорт мусобақаларининг бошқа иштирокчилари ва ташкилотчиларига улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уларни мулкий манфаатдор этиш, Жиноят кодексининг 211 ва 213-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран;

б) кўп миқдорда;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) жуда кўп миқдорда;

б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар моддий қимматликлар берган ёки мулкий манфаатдор этган шахсга нисбатан моддий қимматликлар ёки мулкий манфаат сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши миллий қонунчилигимизни замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, спорт соҳасидаги жиноятларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Худди шу ўринда, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев О'збекистон Республикаси ҳудудларида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуг'улланишга жалб этиш, мамлакатимизда бу борада яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш натижадорлигини ошириш мақсадида 2024 йил 21-ноябр куни ёшларни спортга кенг жалб этиш бўйича таклифлар билан танишди. Унга кўра:

Ҳозир мамлакатда 10 миллиондан ортиқ киши оммавий спорт билан шуғулланиб, таълим ва меҳнат жамоаларида мусобақалар мунтазам ўтказилмоқда. Жамоавий спорт турларини ривожлантириш бўйича қатор ташаббуслар ишлаб чиқилди.

“Маҳалла лигаси” ва “Мактаб лигаси” спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этиш таклиф этилмоқда. Давлат олий таълим муассасаларида спорт клубларини ташкил этиш ва улар ўртасида “Талабалар лигаси”, “Вазир кубоги”, “Ректор кубоги” каби мусобақаларни ўтказиш режалаштирилмоқда.

Ҳар пайшанбани “Жисмоний тарбия ва спорт куни” сифатида белгилаш таклиф этилди. Спорт мактабларида ёшларни жалб этиш натижаларига қараб устама тўлаш тизими жорий этилади. Муассасалар инфратузилмаси босқичма-босқич спортга ихтисослаштирилади.

Бундан ташқари, жамоавий спорт турлари бўйича миллий лигалар қўллаб-қувватланади. Маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ҳудудий спорт клублари тузилади. ЭРП Спорт электрон тизимида иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва селекция қилиш жорий этилади. Тизим мактабларида оммавий спорт бўйича тренер-селексионер лавозимини жорий этилиб, уларга бештагача маҳалла ва таълим муассасалари бириктирилади. Маҳаллаларда тўгараклар ташкил этган тренерлар қўшимча рағбатлантирилади.

 

 

Қумқўрғон туманлараро

иқтисодий суди раиси                                                         Х.Абраев

 

Қумқўрғон туманлараро

иқтисодий суди судяси                                                    Т.Усмонов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
27 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси