Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага янги бошқарувни жорий қилиш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу билан бирга, дунёда эпидемиологик хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётгани касалликларга қарши курашиш фаолиятидаги ёндашувларни, ҳозирги мураккаб шароит ва орттирилган тажрибалардан келиб чиқиб такомиллаштиришни талаб этмоқда, айниқса, уларнинг профилактикаси, эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш ҳамда даволашда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари иш услубларини қайта кўриб чиқиб, соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш зарур.
Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида:
1. Қуйидагилар соғлиқни сақлаш тизимини бугунги босқичда ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари деб ҳисоблансин:
мавжуд куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда, энг аввало бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тиббий профилактика ва патронаж тизимининг мутлақо янги тизимини жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳоли жамоат саломатлигини таъминлашнинг маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган яхлит тизимини яратиш, бу борада авваламбор соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни оширишни тизимли ташкил этиш ҳамда кенг тарғиб қилиш;
соҳада етук ва чуқур билимга эга кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда рақобат муҳитини яратиш, илғор хорижий тажрибага асосан ходимларни касбий ривожлантиришнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт илм-фанини ривожлантириш орқали жойлардаги тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш;
тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароитини яратиш ва даромадини кўпайтириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;
соҳага замонавий менежментини жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча ва бюрократик тартиб-тамойилларни қисқартириш, соғлиқни сақлашни молиялаштириш тизимининг самарадорлигини ошириш ҳамда рақамли тиббиётни такомиллаштириш.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж хизмати жорий қилинсин:
аҳоли уларнинг саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга (таянч, паст хавф гуруҳи, ўрта хавф гуруҳи, юқори хавф гуруҳи ва бошқалар) бўлинади;
аҳоли гуруҳ мансублигига кўра белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтади ва саломатлиги даврий кузатувга олинади;
мустақил равишда тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморлар доимий кузатувга олинади ҳамда уйига борган ҳолда уларга тиббий хизмат кўрсатилади ва индивидуал патронаж амалга оширилади;
профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг гуруҳга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича даврий тиббий скрининг текширувлари ўтказилади;
патронаж кўрикларини мақбуллаштириб, янгиланган мақсадли патронаж тизими жорий қилинади;
умумий амалиёт шифокори мутахассислиги оилавий шифокор этиб қайта номланади, шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасаларидаги фан дастурлари оилавий шифокор тайёрлашга мослаштирилади;
туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва вилоят шифохоналарига бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлланма бевосита оилавий шифокор томонидан берилади;
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмларга имтиёзли рецептлар ёзиб бериш бевосита оилавий шифокор томонидан амалга оширилади;
оилавий шифокорга ёрдам берадиган терапия, педиатрия, акушерлик, патронаж бўйича ўрта тиббиёт ходимларидан иборат бўлган “тиббиёт бригадалари” ташкил қилинади;
профилактика инспекторлари маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда оилавий шифокорларга кўмаклашади, фуқароларнинг кечки сайрлари ва спорт ўйинларининг хавфсиз ўтказилишини ташкил қилади. Бунда, профилактика инспекторлари маҳаллалардаги аҳолининг саломатлик кўрсаткичларига қараб ҳар 6 ойда маҳаллий бюджет маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан рағбатлантирилади;
“тиббиёт бригадалари” ўзларига бириктирилган ҳудудларда оилалар ва фуқаролар кесимида “тиббий харита”ни шакллантиради;
жойларда тиббий хизмат кўрсатишни соддалаштириш ва рақамлаштириш ҳамда ортиқча қоғозбозликни камайтириш мақсадида “тиббиёт бригадалари” махсус компьютер-планшетлари, мобил тиббиёт-диагностика воситалари билан таъминланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев):
Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов, Ж.И.Абрўев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ажратилган маҳаллий бюджет маблағлари доирасида йил якунига қадар такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж хизматининг 1-иловада келтирилган 26 та туман (шаҳар)ларда устувор равишда тўлиқ жорий қилинишини таъминласин;
йил якунига қадар аҳоли саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, аҳоли бўлинган гуруҳларнинг аниқ таснифини тасдиқласин;
такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж хизматини босқичма-босқич республиканинг бошқа ҳудудларида жорий қилсин;
икки ҳафта муддатда “тиббиёт бригадалари”ни мобил тиббиёт-диагностика воситалари билан таъминлаш мақсадида уларнинг аниқ рўйхатини тасдиқласин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда:
маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан “тиббиёт бригадалари”ни махсус компьютер-планшетлари ва мобил тиббиёт-диагностика воситалари билан таъминласин. Бунда, мазкур воситалар хариди Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона техник талаблар асосида амалга оширилиши инобатга олинсин;
туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари билан биргаликда аҳолини хатловдан ўтказиб, уларни бирламчи тиббий-санитария муассасаларига бириктирсин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланади. Бунда, ушбу чора-тадбирлар мавжуд штат бирликлари доирасида амалга оширилади;
аҳоли сони ва маҳаллий заруриятдан келиб чиқиб, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рўйхатига мувофиқ оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда туну-кун навбатчи тиббиёт ходими хизмат кўрсатади;
маҳаллада аҳолининг саломатлиги, ҳудуддаги касалликларнинг ўсиши, аҳолининг шифохоналарга ётиши, шошилинч тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилиши ва бошқалар оилавий шифокорнинг фаолияти натижадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари этиб белгиланади;
2021 йил 1 январдан бошлаб оилавий шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлиги бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади ҳамда унинг натижаларига қараб ушбу ходимлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади;
туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бошлиғи бир вақтнинг ўзида кўп тармоқли марказий поликлиника мудири ҳисобланади;
2021 йил 1 январдан бошлаб туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бошлиғига ажратилаётган маблағлар доирасида, заруриятга қараб, тор соҳа шифокорлари штатларини мустақил белгилаш ваколати берилади;
туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси фаолият дислокацияси бўйича кўп тармоқли марказий поликлиника биносида жойлаштирилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б. Хусанов) билан биргаликда:
уч ой муддатда ушбу бандда кўрсатилган баҳолаш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, оилавий шифокор ва “тиббиёт бригадалари” фаолиятини рағбатлантиришнинг дифференциал тизимини жорий қилсин;
2021 йил 1 апрелга қадар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг янгиланган штат нормативларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4. 2021–2023 йилларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда қўшимча:
315 та оилавий шифокор пунктлари, шундан 2021 йилда – 100 та, 2022 йилда – 105 та ва 2023 йилда – 110 та;
52 та қишлоқда жойлашган оилавий поликлиникалар, шундан 2021 йилда – 17 та, 2022 йилда – 18 та ва 2023 йилда – 17 та;
33 та шаҳарда жойлашган оилавий поликлиникалар, шундан 2021 йилда – 7 та, 2022 йилда – 13 та ва 2023 йилда – 13 та ташкил этилади.
Қуйидагилар қўшимча оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қўшимча ташкил этилаётган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш, уларни малакали ходимлар билан таъминлаш ва мазкур Фармонда кўрсатилган чора-тадбирларни улар фаолиятига жорий қилиш бўйича шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.
5. Белгилансинки, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб Қарши давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти ва Гулистон давлат университетида тиббиёт факультетлари ташкил қилинади, шу жумладан, уларда ва бошқа тиббий олий таълим муассасаларида етакчи хорижий тиббиёт олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурлари асосида ўқитиш тизими жорий қилинади;
тиббиёт олий таълим ташкилотларининг вилоят тиббиёт муассасалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда клиник базалари ташкил қилинади ва уларнинг битирувчи курс талабалари ушбу клиник базаларда ўқув амалиётини ўтайди;
Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежларида оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда техникумлар ва коллежларда оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини жорий қилади;
Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга бириктирилади, уларнинг ўқувчилари ихтисослигидан келиб чиқиб ушбу муассасаларда амалиёт ўтайди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширсин.
6. 2021 йилдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалари шифокорлари учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилинсин.
Белгилансинки, “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида:
тиббиёт олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга қабул қилинганда уларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари, уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилади ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара тўловлари Давлат бюджетидан компенсация қилинади;
олис ва чекка ҳудудлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари томонидан олис ва чекка ҳудудлардаги шифокорларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб бўш шифокор иш ўринлари рўйхати тузилади ва мунтазам янгиланиб турилади;
мазкур бандда кўрсатилган имкониятлардан фойдаланиш учун шифокорлар билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари ўртасида шартнома тузиб борилади.
“Қишлоқ шифокори” дастурини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари:
бир ой муддатда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги шифокорларга бўлган эҳтиёжларни ва талабгорларни ҳар бир маҳалла кесимида аниқласин, уларга уй-жой ажратиш ва маблағ беришни таъминласин, шунингдек, уларни тиббиёт олий таълим муассасаларида тайёрлаш бўйича қабул параметрларини ошириш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига таклиф киритсин;
туман ҳокимлари ва тижорат банклари билан бирга ипотека дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларни аввало оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинаётган шифокорлар учун ажратишни таъминласин.
Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун келгуси йилда Давлат бюджетидан 20 миллиард сўмгача маблағ ажратсин.
7. Қуйидагилар тақиқлансин:
тиббиёт ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган барча турдаги ишларга жалб қилиш;
тиббиёт ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талаблар бузилган ҳолларда тегишли жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.
Бош прокуратура (Н.Т.Йўлдошев) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказсин ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишини таъминласин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар бир корхона, муассаса ва ташкилот иш берувчиси ўз ходимларининг тиббий текширувдан ўтадиган куни ушбу тиббий жараёндан ўтишлари учун шахсан масъул ҳисобланадилар;
мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар бир корхона, муассаса ва ташкилотга ишга қабул қилинаётган ходимлар ўзлари тиббий текширувдан ўтадиган куни тўғрисида иш берувчиларни мажбурий тарзда хабардор қилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б. Хусанов) Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ушбу талабларнинг иш берувчилар томонидан риоя қилиниши устидан тизимли назорат ўрнатилиши, зарур ҳолларда, уларни бузган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда таъсир чоралар кўрилишини таъминласин.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тегишли соҳа ва ташкилот касаба уюшмаларини жалб қилган мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирларни амалга оширишда ходимлар ва ишчиларнинг меҳнатига оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилишда самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш тавсия этилсин.
9. 2021 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг ишчи ва хизматчиларга жароҳат етказиш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ўрнига меҳнат шароитларини махсус баҳолаш тизими жорий этилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
махсус баҳолаш жараёнида биринчи навбатда иш ўринларидаги хавфли ва зарарли омилларнинг ходим саломатлиги даражасига таъсирини бартараф этишга қаратилади;
махсус баҳоловчи ходимлар таркибига олий маълумотга эга бўлган меҳнат гигиенаси мутахассиси мажбурий тарзда киритилади;
махсус баҳолаш фақатгина штат бирлигидаги ходимларида махсус баҳолаш бўйича ишларни бажариш ҳуқуқига эга бўлган гувоҳномаси мавжуд ташкилот (юридик шахслар) томонидан амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамаси:
махсус баҳолаш тизимининг 2021–2023 йиллар мобайнида тўлиқ жорий қилинишини таъминласин;
2021 йил 1 январга қадар меҳнат шароитларини махсус баҳолаш бўйича маълумотларни киритиш ҳамда таҳлил қилиш механизмини жорий қилиш учун ягона электрон платформа базаси яратилишини ва 2021 йил 1 февралга қадар унинг тўлиқ ишга туширилишини таъминласин.
10. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 2014 йилда Паллиатив тиббий хизматни ривожлантириш бўйича махсус резолюция қабул қилинганлиги инобатга олинсин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Ш.Иноятов, Э.И.Баситханова) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг экспертларини жалб қилган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2021 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021–2025 йилларда Ўзбекистонда паллиатив тиббий хизматни ривожлантириш концепциясини мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) ҳамда уни амалга оширишга доир йиллар бўйича “Йўл харитаси” билан биргаликда тасдиқлашни назарда тутувчи қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А.Э.Бурхонов) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев) билан биргаликда бир ой муддатда соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш дастурини ишлаб чиқсин. Бунда, ҳар бир оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ва шифохонанинг кириш жойларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган чақириқлар, “ишонч телефонлари” ва бошқа тарғибот материаллари жойлаштирилсин.
12. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тўғри етказиш мақсадида тиббиёт ходимларининг касбини улуғловчи видеороликлар, илмий-оммабоп кўрсатувлар, бадиий ва ҳужжатли фильмларни ишлаб чиқсин, телевидение орқали доимий намойиш қилсин ҳамда ижтимоий реклама сифатида уларни телевидение ва радиоканалларда жойлаштирсин.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ишларини ташкиллаштирсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳудудий телеканаллар ва оммавий ахборот воситаларида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли жамоат саломатлигини таъминлаш, мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларини кенг ёритиш ишларини доимий равишда ташкиллаштириб борсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
14. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ш.Иноятов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Туйчиев, соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев ва соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ш.Иноятов ҳар чоракда ушбу Фармон ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борсин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Туйчиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
© Қумқўрғон тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024