Ассалому алайкум, азиз аёллар!
Ҳурматли опа-сингиллар!
Ўлкамизга янгиланиш, яшариш фасли, орзиқиб кутилган баҳор кириб келди. Фаслларнинг келинчаги бўлган гўзал баҳорнинг илк кунларида муқаддас ва мўътабар Оналаримиз, азиз ва мунис аёлларимиз, меҳрибон опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбдан муборакбод этаман. Аввало, сизларга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.
Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидоийлиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ва белгиланган мақсад ва вазифаларга эришишда сиз, азизларнинг беқиёс ҳиссангиз бор. Бугун қайси соҳага қарамайли, мамлакат ривожида сиз азизларнинг ўрнингиз беқиёсдир.
Бунинг учун сизларга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди, албатта. Буюклар эътироф этганидек, ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша одамийлик, мардлик, олийжаноблик сари чорлайдиган, сабр-тоқат, метин ирода, садоқат соҳибаси бўлмиш аёлларнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Аёл бахтли бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади. Қизларимизнинг саломатлигини асраш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаси бўлиб вояга етиши, жамиятда муносиб ўрнини топиши учун барчамиз бирдек масъулмиз.
Оналик шаънини, ўзбек аёли ор-номуси, қадр-қимматини юксакларга кўтарган, ҳаётнинг не бир синовларини, машаққатини нозик елкасида кўтара олган, келажак бешигини тебратган сиз азизларни доимо қадрлашга тайёрмиз. Бизнинг ўзбек аёллари доимо азиз ва муқаддасдир. Сизнинг табаррук сиймойингиз, ҳар бир сўзингиз бизга ҳамиша ҳамроҳ ва йўл кўрсатувчи маёқдир.
Бир сўз билан айтадиган бўлсам, хонадонларимизнинг чироғи, фарзандларимизнинг меҳрибони, юракларимиз қўри, кўзларимизнинг нури ва ғуруримиз бўлган Сиз аёлларга ҳар қанча таъзим айласак шунча кам.
Сиз азизларни яна бир бор байрам билан самимий қутлайман. Барчангизга сиҳат – саломатлик, фарзандлар камолини кўришни, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Бахтимизга доимо омон ва бахтли бўлингизлар, азиз аёллар!
Ҳурмат билан Қумқўрғон туман ҳокими Гаппаров Рахматулла Бобохонович!